Жамият | 12:35 / 22.10.2018
4547
8 дақиқада ўқилади

Асоссиз айблар қўйилган тадбиркор реабилитация қилинди

Яқинда жиноят ишлари бўйича Паркент тумани судида навбатдаги оқлов ҳукми чиқарилди. Маълум бўлишича, судланувчи Ҳасан Маҳкамов Бекобод шаҳрида қонуний рўйхатдан ўтиб, якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Унинг дўконида 2016 йил 8 июнь куни Бекобод шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан текширув ўтказилади.

Текшириш жараёнида дўконда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарлар, аниқроғи, беш турдаги салқин ичимликлар сотилаётгани аниқланади.

Текширувчилар маҳсулотларни олиб кетишаётганида тадбиркорга тузилган далолатномага имзо қўйиб беришини талаб қилишади.

Текширувчилар негадир тадбиркорга фақатгина давлат солиқ бошқармаси ходими С. Ш.дан ташқари ҳеч ким имзо қўймаган далолатномани беришади. У эса, текшириш аввалида "назорат хариди" амалга оширилмагани ва ҳеч кимга маҳсулот сотмагани тўғрисидаги маълумотни далолатномага ёзиб қўяди.

Бекобод шаҳар ДСЭНМ 2016 йил 20 июнь куни "Ҳасан Маҳкамовдан ашёвий далил сифатида олинган яроқлилик муддати ўтган 5 турдаги яхна ичимлик "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасига асосан истеъмолга яроқсиз ҳисобланади ва реализация қилиш тақиқланади", деган хулоса беради.

Шундан сўнг тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисмига мувофиқ жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди Ҳ. Маҳкамовни истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноятини содир этишда айбдор, деб топган ва унга нисбатан олти ой ахлоқ ишлари жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқаради.

Бу ҳукмдан норози бўлган тадбиркор адолат истаб, кассация инстанцияси судига шикоят аризасини ёзади. Кассация инстанция судининг 2017 йил 4 июлдаги ажримига кўра, ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Паркент туман судига ҳар томонлама холисона ўрганиб чиқиб, қонуний тўхтамга келиш учун юборилади.

Айтиш керакки, суд томонидан судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят иши ҳужжатлари ҳар томонлама адолатли ва холис ўрганиб чиқилди. Жиноят ишлари бўйича Паркент тумани суди Ҳасан Маҳкамовни жиноят содир этишда айбсиз деб ҳисоблаб, реабилитация қилишни лозим топди.

Суд тадбиркорнинг айблилик масаласини муҳокама қилиш жараёнида, дастлабки тергов органи томонидан унга нисбатан асоссиз айблар қўйилганини аниқлади.

Суд тергови давомида жиноят иши ҳужжатлари синчковлик билан ўрганилганда, Бекобод шаҳар ДСЭНМ томонидан 2016 йил 20 июлда тузилган ва Бекобод шаҳар ДСЭНМ бош врачи Ш. Тожибоев томонидан имзоланган хулосада, 5 турдаги яхна ичимликлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланиб, реализация қилиш тақиқлангани кўрсатилган бўлса-да, аммо уларнинг ҳақиқатдан ҳам, истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги ўз ифодасини топмаган.

Бундан ташқари "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасида яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни реализация қилишга йўл қўймаслик кўрсатилган. Бироқ яроқлилик муддати тугаган маҳсулотларни истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги қайд этилмаган.

Ушбу қонуннинг 2-моддасида "Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати (фойдаланиш муддати) — бу муддат давомида озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш, ташиш, реализация қилиш чоғида хавфсизлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган тақдирда у фойдаланишга яроқли бўлиб туради, бу муддат тамом бўлганидан кейин эса, маҳсулот одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб қолиши мумкин" дея белгиланган.

Демак, қонуннинг мазмунига кўра, озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати ўтиши одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун ҳақиқий хавф туғдиришини кўрсатмайди. Ушбу масалани аниқлаш учун эса, судга оид кимёвий экспертиза ўтказиш талаб этилади.

Энг ажабланарли томони шундаки, Бекобод шаҳар давлат санитария эпидемиология назорат маркази лабораториясида таҳлилларни ўтказиш учун техник база етарли бўлса-да, негадир ушбу 5 турдаги яроқлилик муддати ўтган яхна ичимликлар кимёвий экспертизадан ўтказилмаган.

Жиноят процессуал кодексининг 173-моддаси 2-қисмида "Иш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлашда ҳам, агар бунинг учун махсус билимларни қўллаш зарур бўлса ва бу ҳолатлар исботлашнинг бошқа воситалари билан пухта аниқланмаган бўлса, экспертиза ўтказилиши шарт", дея қайд этилган.

Башарти, тегишли эксперт хулосаси билан бундай маҳсулот таркибида одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун реал хавф туғдирадиган элементлар ёки заҳарли моддалар борлиги аниқланган ҳамда ўзининг муайян хоссаси ёки белгисига кўра, инсон ҳаёти ёки соғлиғи учун реал хавф туғдиришига ойдинлик киритилганида, Ҳасан Маҳкамовни айблаш асосли бўлар эди.

Бундан ташқари, Жиноят процессуал кодексининг 463-моддасида "Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмида жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим"лиги кўрсатилган.

Афсуски, дастлабки тергов органи томонидан бундай ҳаракатлар амалга оширилмаган. Шунингдек, иш бўйича далилий ашё деб эътироф этилган ҳамда "Бекободгўштсутсавдо" масъулияти чекланган жамияти омборхонасига вақтинчалик сақлаш учун топширилган 12 042 500 сўмлик 5 турдаги яроқлилик муддати ўтган салқин ичимликлар Бекобод шаҳар суд ижрочилари бўлими томонидан 2017 йил 15 мартда йўқ қилиб юборилган. Бугунги кунда ушбу ҳаракатларни амалга оширишнинг имкони йўқ.

Қайд этиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида "Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, суд иши гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши" белгиланган.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, суд, дастлабки тергов органи томонидан иш бўйича далилий ашё деб эътироф этилган Бекобод шаҳар ДСЭНМнинг 2016 йил 20 июнь кунидаги 03/739-сонли ва 2016 йил 26 октябрь кунидаги 03/1219-сонли хулосасини номақбул далил деб топди.

Суд қонун талаби ҳамда иш ҳолатларидан келиб чиқиб, жиноят иши материалларида мавжуд бўлган далиллар билан судланувчи Ҳасан Маҳкамовнинг айби ўз тасдиғини топмаган деб ҳисоблади. Судланувчи Ҳасан Маҳкамовни жиноят содир этганликда айбсиз деб топиб, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан уни реабилитация қилишни лозим топди.

Президентимизнинг тадбиркорлик фаолиятига катта эътибор қаратаётгани бежиз эмас, албатта. Бунинг замирида иқтисодий ўсиш, пировардида халқимиз даромадини оширишдек эзгу мақсадлар мужассам. Шундай экан, тадбиркорга нисбатан асоссиз жиноий иш очиб, сарсон қилишда нафақат бир шахс, балки у иш билан таъминланган бошқа фуқароларнинг ҳам кўнглида умидсизлик ва ишончсизлик туғилишини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Толибжон Ҳайдаров,
жиноят ишлари бўйича
Паркент тумани суди раиси

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид