Жамият | 23:13 / 23.10.2018
16258
5 дақиқада ўқилади

Чиқиндихонага айлантирилган Ҳасанбой. Энди ким жавобгарликни ўз бўйнига олади?

Бугунги кунда пойтахт кўркига кўрк берадиган қурилишлар, замонавий «Сити»лар барчани бирдек қувонтирмоқда. Аммо ,бизнингча, бу улкан бунёдкорлик ишлари кимнингдир бурнини қонатиш, бир ҳудудни обод қилиб, иккинчисини чиқиндихонага айлантириш ҳисобига бўлмаслиги керак.

«Kun.uz» таҳририятига келиб тушган мурожаатга кўра, шу ерда яшовчи аҳолининг эътирозларига қарамай, катта юк автомашиналари пойтахтдаги бузилишлардан ортилган қурилиш чиқиндиларини аҳоли яшаши учун ажратилган ерларга тўкиб, қочиб кетишяпти. Вазиятни ўрганиш мақсадида Юнусобод туманида жойлашган, чиқиндихонага айланиб улгурган Ҳасанбой ҳудудига бордик.

Видео: Facebook

Видео: You Tube

Аҳолининг гапларига қараганда, ушбу масалада Юнусобод тумани ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо натижа бўлмаган. Тошкент шаҳар ҳокимлигига йўлланган мурожаатлар ҳам Юнусобод туманига қайтариб юборилмоқда ва табиийки, вазият ўзгаришсиз қолиб кетмоқда.

Бир неча ойдан бери ташланиб кетилаётган чиқиндилар анчагина майдонни қоплаб улгурган. Қурилиш чиқиндилари маҳалланинг айрим хонадонлари деворлари, дарвозалари остига тўкиб кетилаётгани ҳам бор гап. Ҳудудда қурилиш чиқиндилари, асосан бетон бўлаклари, қумтош аралаш фойдаланишга яроқсиз тупроқ уюлиб ётибди.

Маълум бўлишича, уч йил олдин бош вазирнинг қарори билан аввал ҳарбий қисмга қарашли бўлган мана шу ҳудуд ер участкасига айлантирилди. Фуқароларга яшаб турган квартираларини давлатга топшириш эвазига мана шу ердан 4 сотих ер бериладиган бўлди. Бугунги кунга қадар иложини қила олганлар уйларини битказишди. Ҳали иложини тополмаганлар ёки уйга эҳтиёжи йўқларнинг ер участкалари бўш турибди. Уй кўтаришга имконият топа олмай турган бу инсонларга энди яна бир муаммо пайдо бўлди. Улар уй қуриш учун ўзига ажратилган ҳудудини тонналаб бетон бўлакларидан иборат чиқиндидан тозалашлари керак бўлади. Аҳолининг гапларига қараганда, чиқинди тўкиб кетаётган ҳайдовчиларни бир неча бор огоҳлантиришган, кейинчалик ушлашган ҳам. Профилактика нозирига топширишган. Лекин улар бир тушунтириш хати ва жарима билан чиқиб кетган. Айнан тушунтириш хатида юк машинаси ҳайдовчиси чиқиндиларни «Tashkent City» дан олиб келиб, тўкиб кетаётганлигини ёзиб ўтган. Наҳотки «Tashkent City» мутасаддилари шунақа кўрсатма берган бўлса ёки ҳайдовчи шундай деб ёзиб тезроқ қутулишни ўйладими? Хўп, жарима тўлангандир, лекин ҳудудни чиқиндилардан тозалашни ким ўз бўйнига олади?

«Ким жавоб беради?» деган саволга жавоб излаб Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, уларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиб ташлаш ва реализация қилишни назорат қилиш инспекцияси Тошкент шаҳар бўлимига бордик. Юнусобод туманига жавобгар ходимдан изоҳ сўрадик. Инпекция ходими: «Бу муаммодан хабаримиз бор. 16 октябрда бизга ҳам мурожаат келиб тушди. 4 та юк машинаси ҳайдовчисидан 2 тасини топдик. Улар билан гаплашдик. Белгиланган тартибда уларни жаримага тортамиз ва туман ҳокимлигига тақдимнома киритамиз, лекин чиқиндиларни тозалашни ташкил қилиш бизнинг ваколат доирамизга кирмайди»,-дея вазиятга изоҳ билдирди.

Пойтахт марказидаги бузилаётган маҳаллалар, иншоотларнинг қурилиш чиқиндилари аслида белгиланган жойларга олиб бориб ташланиши лозим. Аммо, чиқинди ташувчилар ўзларига яқинроқ бўлган шу ҳудудни топиб олишган ва ҳар қандай эътироз-у  қаршиликларга қарамай, Ҳасанбойни улкан чиқиндихонага айлантиришда давом этишмоқда.

Жавобгарлар топилиб жаримага тортилар, лекин ташиб келинган тонналаб чиқиндилардан ҳудудни ким тозалайди? Аҳолининг ўзими ёки бўлмаса чиқиндини ташлаб кетганларми? 

Албатта, шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз: аввало, ҳар бир фуқаро ўз ишига масъулият билан ёндашиши керак. Чиқиндилар учун махсус жойлар ажратилган. Ўз манфаатини ўйлаб, ёқилғини тежаш мақсадида чиқиндиларни кимнингдур жойига олиб келиб тўкиш инсофдан эмас, албатта. Ҳамма қилган иши учун жавоб бериши керак. Фуқароларимиздан эса огоҳ бўлишларини сўраб қоламиз. «Ўз уйингни ўзинг асра» тамойилига амал қилинса бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.  Ўйлаймизки, бу муаммо ижобий томонга ҳал қилинади.

Вазиятни кузатишда давом этамиз.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид