Иқтисодиёт | 09:48 / 25.10.2018
10611
3 дақиқада ўқилади

Бизнесга ноқонуний аралашув: маъмурий жарималар 2 баравар оширилди, жиноий санкциялар кучайтирилди

Фото: Depositphotos

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг XVI(1)-боби ва Жиноят кодексининг XIII(1)-бобига киритилган тузатишлар Norma томонидан кўриб чиқилди.
 
Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
 
Хусусан, тегишли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жарималарнинг аксарияти икки баравар оширилди. МЖТКнинг XVI(1)-бобига кирувчи деярли барча моддаларга, яъни мазкур соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг барча турларига ўзгартиришлар киритилганлигини ҳам қайд этиб ўтиш лозим.
 
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар бу қадар кескин тусда эмас.
 
Биринчидан, барча моддаларга тузатишлар киритилмади: ЖКнинг 192(9)-моддаси (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), ЖКнинг 192(10)-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш) ва ЖКнинг 192(11)-моддасидаги (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) санкциялар ўзгармади.  
 
Иккинчидан, жиноий-ҳуқуқий санкцияларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар муқобил саналади, яъни содир этилган ҳаракат учун ҳар хил жазо турларини (масалан, жарима ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш) қўллаш имконини назарда тутади. Муайян модда санкциясида ҳар бир турдаги жазо миқдорлари «…дан …гача» табақалаштирилиб кўрсатилади, моҳиятан олганда, унинг энг кам ва энг кўп миқдорлари белгиланади. Ҳар бир далил бўйича алоҳида жазонинг аниқ тури ва миқдори суд томонидан ишнинг ҳолатлари, айбланувчининг шахси, юмшатувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар ва бошқалардан келиб чиқиб белгиланади.  
 
Шу муносабат билан қонун чиқарувчи айрим ҳолларда санкцияда назарда тутилган бошқа жазо турларига тегмай, улардан бирининг (масалан, жариманинг) аҳамиятини оширди. Илгари озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмаган айрим моддаларга мазкур жазо тури жорий этилди. Жазонинг юмшоқроқ турлари (масалан, мажбурий жамоат ишлари) таркибидан чиқариб ташланган санкциялар ҳам мавжуд.
 
Шу тариқа, барча ҳолларда тузатишлар билан бизнес юритишга ноқонуний аралашув учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
 
Тузатишлар 23.10.2018 йилдан кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энди тадбиркорларни ҳомийликка мажбурий жалб этганлар уч йилдан беш йилгача қамалиши мумкин экани хабар берилганди.

Мавзуга оид