Жаҳон | 20:29 / 26.10.2018
18559
2 дақиқада ўқилади

Ар-Риёд Қошиқчининг жасадини Туркияга бериши шарт - Эрдўған 

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Эрдўған саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини изоҳлади.

«Қошиқчи ўлдирилган ва бу очиқчасига тан олинди. Аммо унинг жасади қаерда? Саудия томони унинг жасадини Туркия томонига кўрсатиши шарт», - деди Эрдўған. 

«Агар Ар-Риёд саудиялик журналистнинг ўлимида гумонланаётганлигини олиб ташлашдан манфаатдор бўлса, у ҳолда мазкур иш бўйича Саудия Арабистонида ҳибсга олинган 18 киши устидан Истанбулда суд ўтказилишига розилик бериши керак. Агар Саудия томони улардан кўрсатма ола билмаса, уларни бизга топширсин», - деди Туркия президенти.

Эрдўған ҳибсга олинган 18 киши жиноят ижрочилари исмини билишларини айтди. Улардан бири қотил ҳисобланади. Ар-Риёд қотилларнинг туркияликлар орасидаги ёрдамчисини номини ҳам айтиши шарт, деди у.

«Туркияда Қошиқчи иши бўйича қўшимча маълумот ва ҳужжатлар мавжуд. Аммо бундай ишларда шошмашошарлик ярамайди», - деди Эрдўған.

Аввалроқ Эрдўған Саудия Арабистони бош прокурори мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини тергов қилиш учун Туркияга ташриф буюришини маълум қилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид