Жамият | 21:44 / 26.10.2018
58452
8 дақиқада ўқилади

«Қалампир кўчатини олдингиз, энди пулимизни беринг!» - берунийлик деҳқонлар муаммоси

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Бўстон» ва «Бирлик» маҳаллалари, «Полвош» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 30га яқин деҳқонлар контрактация шартномаси асосида етиштириб берилган қалампир кўчатларининг пулини ололмай хуноб бўлаётгани ҳақида KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилишди.

Биз Беруний туманида деҳқонлар билан учрашиб, уларни бир неча ойдан бери сарсон қилаётган муаммони ўргандик.

2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида  60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.

2018 йил 27 январда Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Қарорни бажариш учун, қалампир кўчатлари етиштиришни таъминлаш ва Республика ҳудудларига етказиб бериш GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) МЧЖ зиммасига юклатилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк маротаба аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди.

2018 йил февраль ойида GMG компанияси Беруний тумани деҳқонлари билан контрактация шартномаси имзолади. Унга асосан буюртмачи ҳисобланмиш GMG компанияси деҳқонларни қалампир уруғи билан таъминлаш, деҳқонлар эса қалампир кўчатини етиштириб бериш мажбуриятини олди.

Қайд қилиш жоизки, Беруний туманида 400дан ортиқ иссиқхоналар бор. Бу ернинг деҳқонлари кўп йиллардан буён помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини етиштириб, баҳорда Қорақалпоғистоннинг бошқа туманлари, қўшни Хоразм ва Бухоро вилоятларига сотиш билан шуғулланишади. Оилаларнинг асосий даромади мана шу ишлардан олинади.

GMG компанияси кўчатларни 20 апрель - 10 май оралиғида етиштириб бериш шартини қўяди ва уларнинг ҳар бирини 90 сўмдан харид қилиш мажбуриятини олади.

Компания шартномада кўрсатилган умумий қийматнинг 30 фоизини олдиндан бўнак сифатида тўлаб берган. Қолган қисми эса тўланмаган. Кўчатни ўз вақтида етиштириб берган деҳқонлар эса унинг пулини ололмай айни пайтгача овора бўлмоқда.

Контрактация шартномаси тузган деҳқонлардан бири Давлат Қурбаниязов GMG компанияси барчани алдаб кетганини айтди.

«Барча деҳқонлар номидан айтишим мумкин, биз катта харажат қилиб, контрактация асосида кўчат етиштириб берганмиз. Ўз маблағимиздан қути, клеёнка олдик, экиш тадбирларини бажардик. Одамлар ишлади, меҳнат қилди. Аммо, GMG пулимизни бермади, бизни алдаб кетди. Шахсан ўзим май ойида 7 миллион 560 минг сўм олишим керак эди. Пеняси билан ҳисобланса, бугунги кунда бу қиймат яна ошади», - деди Давлат Қурбаниязов.

Контрактация шартномасида буюртмачи топширилган кўчатлар ҳақини тўлашдан асоссиз равишда бўйин товлагани учун, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун умумий тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ 50 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши кўрсатилган. Бугунги кунда, шуларни ҳисобга олган ҳолда GMG компанияси берунийлик деҳқонлардан 460 миллион сўм қарздор бўлиб қолган.

GMG билан шартнома тузган, аммо пулини ололмай қолган деҳқонлардан бирининг онаси Гулчеҳра Латипова ҳам бу муаммодан куюнди.

«Январь ойида яна уруғ экиб, кўчат тайёрлашимиз керак. Аммо маблағимиз қолмаган. Декабрь ойида иш бошлаймиз, экишга тайёргарлик кўрамиз. Қути, клеёнка, чириндини пулга сотиб оламиз. Иссиқхонамизни кўмир ва ўтин ёқиб қиздирамиз, бу катта харажат талаб қилади. Май ойигача қаттиқ меҳнат қиламиз. Ўғилларимни Россияга, Қозоғистонга ишлагани юбормайман, майиб бўлиб келишини истамайман, кўзимнинг олдида юришини хоҳлайман. Қизларим, келинларим касалланиб қолса, шифокорлар иссиқхонага кўп киритманг дейишади. Мана шундай оғир шароитда ишлаймиз, яшаймиз. GMG компаниясига ишониб, анча қарздор бўлиб қолганмиз», - деди Латипова.

GMG компанияси билан контрактация шартномаси тузиб, пулини ололмай юрган деҳқонлар орасида Давлат Қурбаниязов (7 560 000 сўм олиши керак), Холмурод Хайтанов (21 040 000), Умид Абдуллаев (19 170 000), Қўзибой Юсупов (20 800 000), Нурлан Исламов (11 340 000), Қуролбек Хўжамжаров (11 340 000), Дилшод Норимбетов (9 080 000), Ғулом Яқубов (10 800 000), Давронбек Тожиев (11 970 000), Ғулом Айтинов (9 500 000), Файзулла Катипов (8 670 000), Маҳмуд Қурбониязов (27 283 000), Кенгес Калимбетов (18 900 000), Рашид Ражапбоев (16 038 000), Ғайрат Олимов (71 600 000), Рахат Абдиев (7 560 000), Сапарбой Хаитов (7 800 000), Раъно Қурбаниязова (11 340 000), Музаффар Хидирбоев (3 800 000), Назира Қурбаниязова (3 800 000), Ғайрат Хайтанов (9 568 000), Евгений Тян (44 000 000), Эркабой Йўлдошев (8 937 000), Мақсет Абдурахманов (3 800 000), Жўрабек Рейимбаев (3 800 000) бор. Қайд қилиш жоизки, бу шартномада кўрсатилган қийматлардир. Агар 5 ойлик пеня билан ҳисобланса, бу рақамлар янада кўпаяди.

Деҳқонлар бу муаммо бўйича Беруний тумани ҳокимияти, прокуратурасига мурожаат қилишган. Улардан ўз пулларини фақат суд орқали ундириб олишлари мумкинлиги ҳақидаги жавоблар келган.

Шундан сўнг, Адлия вазирлигининг Беруний тумани вакили иштирокида Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани фуқаролик судига мурожаат қилинди. Бироқ, фуқаролик суди ҳужжатларда камчилик борлиги, бундан ташқари, Адлия вазирлиги жисмоний шахслар номидан вакил сифатида судда қатнаша олмаслиги ҳақидаги ажримни чиқаради. Натижада, бир муаммо иккига айланди. Энди ҳар бир деҳқон давлат божини тўлаб, мустақил равишда Тошкент шаҳри фуқаролик судига алоҳида мурожаат қилиши лозим.

Бу муаммо бўйича GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) компаниясига мурожаат қилиб, улардан изоҳ олдик.

Маълумотга кўра, GMG деҳқонлар билан контрактация шартномалари тўловларини амалга оширишга тайёр, аммо, айни пайтда компаниянинг ўзи жуда катта миқдорда зарар кўрган ва бунинг иложини тополмаяпти.

«Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси томонидан ҳар бир кўчат учун 90 сўм нарх белгилаб берилди. Транспорт харажатлари, кўчатларни териб олиш, қутилар сотиб олиш ва солиқларни ҳисобга олганда, ҳар бир кўчатдан ўртача 40-45 сўмдан зарар кўрилди. Шулар инобатга олинса, GMG компанияси бу тадбирдан 3 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрди. Қорақалпоғистон Республикасида кўчат етиштирган жисмоний ва юридик шахслардан қарздорликнинг асосий сабаби ҳам мана шунда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 74 756 028 дона умумий қиймати 6 млрд 763 млн 819 минг сўмлик аччиқ қалампир кўчатлари ҳокимлик мутасаддилар ва фермер хўжалиги эгаларининг ўз ишига бўлган лоқайдлиги натижасида нобуд бўлди.

Айни пайтда аччиқ қалампир кўчатларини етиштириш ва етказиб бериш юзасидан тузилган шартномаларнинг ижросини таъминлаш оқибатида келган қарздорликни ундириш юзасидан Ўзбекистон Савдо саноат палатасига ва судга мурожаат киритилиб, даъво аризалари берилмоқда. Юқоридаги қарздорликни ундириш юзасидан қилинадиган ишлар натижасида, жамият ҳисоб маблағи шаклланган заҳоти тўлов амалга оширилади», - дейилади баёнотда.

Тез орада қиш фасли кириб келади. Берунийлик деҳқонлар эса кейинги мавсумга кўчат етиштириш тадоригини кўриши керак. Чиринди, қути, клеёнка, ўтин, кўмир, уруғлик харид қилишлари, иссиқхоналарни тайёрлаши лозим. Уларнинг турмуши фаровонлиги, рўзғор қозонининг қайнаши мана шу ишлардан олинадиган даромадга қараб қолган. Бироқ, тайёргарлик ишларини бошлаш учун пул, маблағ йўқ. Қолаверса, деҳқонларнинг дардини эшитадиган ҳам йўқ...

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид