Ўзбекистон | 00:55 / 30.10.2018
23047
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Мурувват куни» белгиланди

Орамизда шундай инсонлар бор: улар гапириш, кўриш ва эшитиш неъматидан бебаҳра. Лекин уларнинг меҳрга тўла қалблари бор. Қўллари ҳар доим дуода, тили калимада. Аслида ногиронлиги бор инсонлар эмас улар. Бизнингча, ногирон инсон деб қалб кўзи кўр, лекин тўрт мучаси соғ инсонларни айтиш тўғрироқ бўлади. Ногиронлиги бўлса-да, ҳаётга муҳаббати, Ҳақни танишга бўлган иштиёқи, меҳрга тўла қалби кўпчилигимизга ибрат намунаси бўлишга арзийди. Уларни ҳазрати инсон дейишади.

Видео: youtube.com

Видео: Mover.uz (Tas-IX)

Пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин жоме масжидида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Давра суҳбатида сўз олганлар бугунги кунда мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳамда яратилаётган қулайликлар ҳақида гапириб ўтишди.

Шундан сўнг давра суҳбатига таклиф этилган жисмоний имконияти чекланган фуқароларимизнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди.

Эндиликда ногиронлиги бор фуқароларимиз учун динни мукаммал ўрганишда турли аудио материаллар ва махсус китоблар тайёрлаш соҳасини ривожлантириш, масжидларимизда уларга ислом динидан етарлича билим берилишини таъминлаш ҳамда уларга бир қатор қулайликлар яратиш бўйича режалар келишиб олинди.

Шунингдек, очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида муборак Ҳаж ва Умра сафарлари учун жисмоний имконияти чекланган фуқароларимизга квоталар ажратиш масаласи ўртага ташланиб, муҳокама қилинди.

Қолаверса, бундан буёғига ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” сифатида белгиланиб, бу кунда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз билан доимий учрашувлар ташкил этилиши йўлга қўйиладиган бўлди.

Мавзуга оид