Ўзбекистон | 10:09 / 31.10.2018
9296
3 дақиқада ўқилади

Тергов ва суриштирув жисмоний шахсларнинг барча банк счётларини қандай «музлатиши» мумкин?

Фото: Depositphotos

Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси банк депозиторларининг Миллий ахборотлар базаси ва унда мижозларга хос рақам бериш ҳамда банк ҳисобварақлари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Маълумот учун: база Ўзбекистон банкларида счётлар очган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида бирлаштирган. Ҳар бир мижозга рақам берилиб, у бутун банк тизими бўйича хос ҳисобланади ва хизмат кўрсатилиши учун бошқа банкка ўтилиши муносабати билан ўзгармайди.  Бу битта шахснинг турли банкларда очилган барча бирламчи ва иккиламчи счётларини аниқлаш имконини беради.
 
Қабул қилинган ҳужжатга асосан базага жисмоний шахслар ҳам киритилади. Фуқароларга 8 рақамдан иборат “80000001” дан “99999999” гача бўлган хос рақамлар берилади. Банклар фақат бошқа рақам - шахсий идентификацион рақами (14 рақамдан иборат бўлиб, паспортда кўрсатилган, кейинги ўринларда - ЖШШИР) мавжуд бўлган жисмоний шахсларга мустақил равишда рақам беришлари мумкин. Агар жисмоний шахсда ЖШШИР мавжуд бўлмаса (масалан, ўсмир томонидан ҳали паспорт олинмаган бўлса), рақам база оператори – МБнинг Ахборотлаштириш бош маркази томонидан берилади. Хос рақам фуқароларга умрбод берилади. Жисмоний шахснинг вафот этиши ҳолатидан ташқари, Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш ёки ЖШШИР мавжуд бўлмаган жисмоний шахс томонидан унинг олиниши уни ўзгартириш учун асос ҳисобланади.
 
Бундан ташқари, Банк депозиторларининг миллий базаси орқали шахсга хизмат кўрсатадиган барча банкларга энди суриштирув ёки тергов органи томонидан барча счётлар бўйича операциялар вақтинча тўхтатиб турилиши/тикланиши бўйича хабар узатилади. Масалан, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлашда пластик карталар ва депозитлар блокировка қилиниши мумкин. Шунингдек, база орқали жисмоний шахсларнинг счётларига нисбатан Низомга 1-иловада назарда тутилган бошқа ҳаракатлар амалга оширилиши мумкин.
 
Ҳужжат 27.10.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид