Ўзбекистон | 10:45 / 09.11.2018
5437
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўловчи ташиш бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтди

30-31 октябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон республикаси йўловчи ташувчи темир йўл маъмурияти вакилларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда йўловчи ташиш борасидаги қўшимча қулайликлар ва имтиёзлар бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

Хусусан, халқаро йўналишларда қатнайдиган йўловчи поездларига чипталарнинг олдиндан харид қилиш муддатига қараб белгиланган чегирмаларга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, шу вақтга қадар йўловчи sv ва купе вагонлар учун чиптани поезднинг жўнаш кунидан 45-31 кун олдин харид қилишида белгиланган 45 фоизлик чегирма 45-41 кун олдин 55 фоизга кўтарилди. 40-31 кун оралиғида харид қилинган йўл чипталар учун 45 фоиз ва 30-6 кун оралиғида харид килинган чипталар учун 35 фоиз имтиёз белгиланди.

Шунингдек, эндиликда йўловчилар плацкарт вагонлари учун чиптани 45-41 кун олдин харид қилса 45 фоиз, 40-31 кун оралиғида 35 фоиз, 30-6 кун муддатда эса 25 фоиз чегирмага эга бўладилар. Тадбир давомида иштирокчилар вагонларда сервис хизматини янада ошириш борасида фикр юритишди. Ҳамкорликда янги йўналишларни жорий этиш, унинг техник ва технологик жиҳатлари ҳам мажлис иштирокчиларининг асосий эътиборида бўлди.

Маълумки, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон давлатларига қатновлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада янги имкониятларни ишга солиш давр тақозосидир. Шу боис анжуман иштирокчилари ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтишди. Шу билан бирга темир йўл орқали сайёҳликни янада ривожлантириш ҳақида сўз юритилди.

Музокаралар якунида йиғилиш баённомаси имзоланди.

Мавзуга оид