14:24 / 13.11.2018
11559

ОАВ: Шимолий Корея баллистик ракеталар дастури устида ишлашни давом эттирмоқда

Фото: youtube.com

КХДР ўзининг баллистик ракеталар дастури устидаги ишларни давом эттирмоқда, дея хабар қилди NBC News телеканали америкалик расмий шахсларга асосан.

NBC томонидан тақдим этилган, Миддлбери халқаро тадқиқотлар институтининг махсус таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат узоқ ҳудудларида махфий ҳарбий база мавжуд. Таҳлилчилар фикрича, Шимолий Корея айнан шу базада Қўшма Штатларга етиб бориши мумкин бўлган ракеталарни жойлаштириши мумкин.

Америкалик ҳарбий амалдорларнинг қайд этишича, Шимолий Корея 2017 йил сентябридан бери ядровий синовлар ўтказмагани ижобий ҳолат сифатида қабул қилинади, дейилади материалда.

Бироқ, разведка маълумотлари ва махфий ракета объектлари узра олинган сунъий йўлдош тасвирлари мутахассислар ўртасида кенг тарқалган фикрни таъкидлайди. Унда билдирилишича, АҚШ президенти Дональд Трампнинг дунё энди Шимолий Корея ядровий дастуридан хавотирга тушмаслиги кераклиги ҳақидаги сўзлари ҳақиқатдан йироқдир. 

Фото: DigitalGlobe
Фото: DigitalGlobe

Истеъфодаги генерал Барри Маккафрининг таъкидлашича, қисқа муддатли истиқболда Шимолий Корея АҚШ миллий хавфсизлиги учун энг жиддий таҳдид саналади.

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази 12 ноябрь куни ҳисобот эълон қилди, унга кўра муаллифлар Шимолий Кореянинг 13та махфий ракета базасини топишга муваффақ бўлишган. Шунингдек, тадқиқотчилар ҳисоботга объектлардан бири - Шимолий ва Жанубий Кореяни ажратиб турувчи қуролсизлантирилган ҳудуддан тахминан 80 км шимолда жойлашган ракета оператив базаси бўйича батафсил таҳлилни киритишди.

Трампнинг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан июнда Сингапурдаги тарихий саммитда рўй берган учрашувидан сўнг, КХДР ўз ядровий дастурини тугатмади, дея таъкидламоқда телеканал. Бунинг ўрнига, Ким Чен Ин ҳамда Дональд Трамп Корея ярим оролининг тўлиқ ядросизланиши устида ишлашга розилик билдириб, тегишли декларацияни имзолашди. NBC қайд этишича, ҳужжатнинг ўзи анча ноаниқ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР ва Жанубий Корея автомобиль ҳамда темир йўлларни бирлаштирмоқчи экани хабар қилинганди.

Top