10:41 / 14.11.2018
6820

2019 йилда ижтимоий харажатларга 57,8 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган

Фото: KUN.UZ

2018 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида давлат бюджетининг ижроси ҳамда 2019 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 111,4 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиши 109,5 фоизни ташкил қилди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этди. Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг 19,0 трлн. сўми ёки қарийб 65,8 фоизи иш ҳақи ва иш ҳақига нисбатан ажратма тўловларини молиялаштиришга йўналтирилган. 

Депутатлар 2019 йилга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасини муҳокама қилишди. 2019-2021 йиллардаги бюджет сиёсатининг мақсади ва устуворликларига эътибор қаратилди. Хусусан, аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, халқ турмуш даражасини янада оширишга хизмат қиладиган барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, бандлик ва аҳоли даромадлари кўпайишини таъминловчи янги иш ўринларини яратиш масалалари депутатлар диққат марказида бўлди.

2019 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари устуворлиги сақлаб қолинган ҳолда, давлат бюджети харажатларининг 54 фоизи ушбу мақсадлар учун йўналтирилади. Ижтимоий харажатларга 2019 йилда 57 822,3 млрд. сўм йўналтирилиши режалаштирилмоқда. 

Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари харажатлари 5 267,2 млрд. сўмни ташкил этади, бу ўтган йилга солиштирганда 58,5 фоизга кўпдир. Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа олувчилар сонини кўпайтириш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун 643,5 млрд. сўм ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу эса, нафақалар тайинланишини 507 минг оиладан 621 минг оилагача ёки 1,2 марта ошириш имконини беради.

Янги иш жойларини очиш ва аҳоли бандлигини таъминлашни рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитларни яратиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан 300 млрд. сўм маблағ ажратиш назарда тутилган. Бу каби чоралар натижасида ҳар ойда қўшимча 140 минг одамнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг оилалари фаровонлигини яхшилаш имконини беради.

Top