19:27 / 14.11.2018
7897

Америка университети Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун инвестиция киритмоқчи

АҚШнинг Мичиган штати университетининг раҳбар ходимлари ва экспертлари Тошкент давлат Аграр университетига ташриф буюрди. Ушбу ташриф 2017 йилда икки университет ўртасида имзоланган меморандум асосида амалга оширилди.

Делегация аъзолари Мичиган штати университетининг қишлоқ хўжалигида маслаҳат маркази директори Жеффри Дайер, қишлоқ хўжалиги ва агробизнес институти директори Рональд Байтс, университет профессорлари Жорж Бёрг ва Карим Меридиа Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва олий аграр таълимни ривожланиши билан танишишди. Шунингдек, соҳага инвестиция киритиш имкониятларини ўрганди. 

Ташриф давомида делегация Тошкент давлат аграр университети раҳбарияти билан учрашди ва ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш лабораторияси, университет ўқув тажриба станциясига ташриф буюрди. 

Делегация Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари мутасадди ходимлари билан учрашган. Бундан ташқари, Тошкент вилояти, Паркент туманида жойлашган кўп тармоқли фермер хўжаликлари, Ўсимликлар клиникаси, Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш лабораториялари билан ҳам танишган. 

14 ноябрь куни делегация Самарқанд шаҳридаги Ветеринария медицина институтида бўлди. Ушбу ташриф Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасалари ва Мичиган штати университети ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашувини амалга оширишга имконият яратади.

Шунингдек, икки томонлама диплом бериш қўшма дастурларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасаларида жорий этиш, соҳаси ривожида АҚШ тажрибасидан фойдаланиш ва бу борада маслаҳат марказларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Келгусида АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етук профессор-ўқитувчиларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасаларида лекциялар ўқишларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Top