12:57 / 11.04.2024
8069

АҚШда мактабда отишма содир этган ўсмирнинг ота-онаси қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Мичиган штатидаги суд тўрт ўсмирни совға қилинган тўппончадан отиб ўлдирган мактаб ўқувчисининг ота-онасини эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган қотилликда айбдор деб топди. Судга кўра, улар фожианинг олдини олиши мумкин эди.

Женнифер ва Жеймс Крамбли Фото: Bill Pugliano / Getty Images

АҚШда 2021 йилда Мичиган штатининг Оксфорд шаҳридаги мактабда тўрт кишини отиб ўлдирган ўсмирнинг ота-онаси судланди. 9 апрел куни Окленд округи судяси Женнифер ва Жеймс Крамблини 10 йилдан сўнг муайян шартлар остида озодликка чиқиш имконияти билан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Судя Шерил Мэтюз эр-хотинни мактабнинг ўғли руҳий муаммолари ҳақидаги такрорий огоҳлантиришларига эътибор бермаганликда айбдор деб топди

Суд қарорида таъкидланганидек, ота-оналардан фарзандларининг «фикрини ўқиши»ни кутиш мумкин эмас, бироқ улар хатти-ҳаракати туфайли фожиа олдини олиш мумкин эди. Ўсмир ота-онасининг иши иккита алоҳида суд жараёнида кўриб чиқилди, аммо ҳукм биргаликда эълон қилинди. Қўшма Штатларда биринчи марта ота-оналар бундай ҳолатда одам ўлдиришда айбдор деб топилди. 

Ота ўсмирга Рождество муносабати билан тўппонча сотиб олиб берган

Суд жараёнида Женнифер Крамблининг тан олишича, жиноят содир этилишидан бир неча кун олдин эри ўғлига яқинлашиб келаётган Рождествога совға сифатида Sig Sauer русумли 9 мм калибрдаги тўппонча сотиб олган ва эртаси куни у билан бирга ўқ отиш полигонига кетган. Ҳужум содир бўлган куни - 2021 йил 30 ноябр - 15 ёшли ўсмирда қотиллик тасвирлари топилганидан сўнг, ота-оналар мактабга чақирилган ва ўғлини психологга юбориш тавсия этилган, бироқ улар уни уйга олиб кетишдан бош тортган. Кейинроқ Итан Крамбли ҳожатхонага бориб, қўлида тўппонча билан қайтиб келган. У 14-17 ёшлардаги тўрт нафар ўқувчини ўлдирган, яна етти нафарини яралаган. 

2023 йилда 17 ёшли Итан Крамбли 24 та банд бўйича айбдор деб топилиб, шартли равишда чиқиш ҳуқуқисиз умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди.

Қуролга эгалик қилиш ҳақидаги қонунларни кучайтириш Қўшма Штатлардаги энг баҳсли сиёсий мавзулардан биридир. 2022 йилда қонунчиликка кичик қатъийлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди. Gun Violence Archive порталига кўра, 2023 йилда қуролли зўравонлик оқибатида деярли 19 минг киши ҳалок бўлган. 

Top