Штат қонунчилик мажлисининг республикачилар партиясидан бўлган икки аъзоси - Мичиган Сенатидаги республикачилар етакчиси Майк Шерки ва штат Вакиллар палатаси спикери Ли Четфилд Трамп билан Оқ уйда учрашувдан кейин овозларни қайта ҳисоблаш жараёнида «одатий тартибга риоя қилиниши»ни ваъда беришган.

Шу кунларда Жоржия штатида овозлар қайта ҳисоблаб чиқилганидан кейин Байденнинг кичик фарқ билан ғалаба қозонгани тасдиқланди. Жоржия штати давлат котиби, Трампнинг ашаддий тарафдори бўлган Брэд Раффенспергер амалдаги президент Жоржияда ютқазганини тасдиқлади. «Рақамлар алдамайди. Мен бугун тақдим этилган маълумотларни ҳақиқий деб ҳисоблайман», деган у. Штат расмийларига кўра, Байден ушбу штатда Трампни 12 минг овозга ортда қолдирган.

Агар Трамп штаби бу натижалар бўйича эътироз билдира олмаса, унда бу штатда демократлар номзоди 1992 йилдан бери биринчи марта республикачи номзодни ортда қолдиради.

30 ноябрда ўтган президент сайловларидан кейинги илк кунларда Жоржияда Трамп етакчилик қилаётганди. Бироқ бюллетенлар қайта ишланиши давомида Байден 6 ноябр куни олдинга чиқиб олган. Штат сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Байден Трампни 0,3 фоизга ортда қолдирган ва шу сабабли овозлар қайта ҳисоблаб чиқилган.

Жо Байден 2021 йилнинг 20 январида АҚШнинг 46-сайланган президенти сифатида ишга киришиши кутилмоқда.

Байденнинг ғалабаси 14 декабр куни сайловчилар ҳайъати томонидан расман эълон қилинади – ҳозирги ҳолатга кўра Байден 306 делегат овозига эга, Трампда 232 делегат овози бор – ғолиблик учун 270 овоз етарли ҳисобланади.

Байденга овоз берган америкаликлар сони Трампга овоз берганлар сонидан 5,9 миллионга кўп.

Шундай бўлса-да, жума куни амалдаги президент яна бир марта ўзи ғалаба қозонгани ҳақида гапирди. «Дарвоқе, мен ғалаба қилдим», деди у. У сайловлар кунидан кейин бир неча марта сайловлар вақтида кенг кўламли қоидабузарликлар рўй берганини айтди, аммо бирор марта ҳам ўзининг бундай айбловларига далил келтирмади.

Унинг матбуот котиби Кейли Макинэни ОАВ ва демократларни иккиюзламачиликда айблаган.

«2016 йилда президент Трамп қонунан президент бўлиб сайланганида, кўплар уни қоралашга, обрўсизлантиришга уринишган ва унинг ғалабасини тан олишмаганди. Ҳеч қанақа бирликка ва тинчликка чорловлар бўлмаган», деган у.

Трампнинг кейинги қадамлари қандай бўлиши мумкин?