Жаҳон | 13:29 / 09.12.2023
11030
2 дақиқада ўқилади

Мичиганда синфдошларини ўлдирган ўсмир умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Фожиа содир бўлган пайтда жиноятчи 15 ёшга тўлган бўлса-да, у катталар жиноий қонунчилиги асосида судланган. Ўсмирнинг ота-онаси ўғли хатти-ҳаракатларидаги шубҳали белгиларга эътибор бермаганликда айбланмоқда.

Фото: AP

АҚШнинг Мичиган штатидаги мактабда содир бўлган отишмада тўрт нафар ўқувчи ўлдирилганидан икки йил ўтиб, жиноятни содир этган ўсмир Итан К. умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳукмни 8 декабр, жума куни Окленд округи судяси Кваме Роу эълон қилиб, 17 ёшли судланувчини шартли озодликка чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Ҳужум содир этилган пайтда жиноятчи 15 ёшда бўлган бўлса-да, у катталар учун назарда тутилган жиноий қонунчилик бўйича судланган. 

2021 йил 30 ноябр куни Детройт шимолидаги Оксфорд шаҳридаги мактабда ўқувчи ўт очганди. 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган тўрт нафар ўқувчи ҳалок бўлди, яна олти нафар ўсмир, шунингдек, бир ўқитувчи жароҳат олди. 

Итан К.нинг ота-онаси худди шу иш бўйича эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдиришда айбланган. Улар нафақат ўғлига қурол берганликда, балки унинг хатти-ҳаракатларида зўравонликка мойиллик мавжудлигидан огоҳлантирувчи шубҳали белгиларга эътибор қаратмаганликда айбланмоқда. Ҳужумдан сал аввал ўсмир қурол кўтариб тушган суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаган. 

Мавзуга оид