08:16 / 15.11.2018
10413

Рамзон Қодировнинг Instagram’даги аккаунти 11 ойлик тақиқловдан кейин қайтарилди 

Фото: ТАСС/ Михаил Метцель

14 ноябрда Instagram ижтимоий тармоғи маъмурияти Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг аккаунтини (@kadyrov_95) блокдан чиқарди. Қодировнинг айтишича, унинг саҳифасига кириш 11 ойлик тақиқловдан кейин қайтарилди. Қодиров унга саҳифасига тақиқлов қўйилгани сабаби тушунтирилгани ёки йўқлигига ойдинлик киритмаган.

Чеченистон раҳбарининг таъкидлашича, ҳар қандай ижтимоий тармоқ маъмурияти “алоқалар ва эркин мулоқотнинг ривожланишига кўмак бериши керак” ва “юз берган хато” бошқа қайтарилмаслигига умид билдирган. “Бу вақт давомида менинг миллионлаб обуначиларим биринчи қўллардан маълумот олиш имкониятидан маҳрум этилдилар”, деб таъкидлаб ўтган Қодиров.  

Қодиров саҳифаси тиклангандан кейинги биринчи постини тўппончаси ва уни қанчалик “яхши кўришига” бағишлади.

2017 йил 23 декабрда Қодировнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси йўқолиб қолганди. У буни “ижтимоий тармоқнинг Оқ уйдаги ҳомийлари ҳаракатлари” билан боғлаган. Бу юз беришидан сал аввалроқ Қодиров АҚШ молия вазирлигининг “Магнитский рўйхатига” тушган эди.

Чеченистоннинг миллий сиёсат ва ташқи алоқалар вазири Жонпўлат Умаров Қодиров аккаунтининг йўқолишини “АҚШ давлат департаменти киберҳужуми” билан тушунтирган.

Қодиров шундан кейин янги профил очган ва обуначиларини Чеченистонда ишлаб чиқилган Mylistory ижтимоий тармоғида қайд қилинишга чорлаган. Таъкидланишича, бу ижтимоий тармоқда деярли барча жиҳатдан Инстаграмдан нусха кўчирилган.

Top