Жамият | 22:10 / 17.11.2018
20478
2 дақиқада ўқилади

Олмазор туманидаги икки мактаб ўқувчилари ўзаро муштлашди. Можаро иштирокчилари қўлга олинди

14 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 28-мактаб ва 159-мактаб ўқувчилари ўртасида ўзаро муштлашув бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, аввалига олти ўқувчи иштирокида катта жанжал бўлган, кейин бу можаро муштлашувга айланиб кетган. Муштлашув вақтида ўқувчилардан бири қочиб кетган.

Можаро иштирокчиларидан икки нафари, 28-мактабда ўқийдиган 16 ёшли А.У. ва М.М. «енгил тан жароҳати олган».

«Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди («бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик қилиш») бўйича 159-мактабнинг 16 ёшли ўқувчиси К.Б. ва 14 ёшли ўқувчиси Д.А., шунингдек, академик лицейлардан бирида ўқувчи 16 ёшли Д.С. гумондор сифатида ушланган ва уларга айблов эълон қилинган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тергов давомида низо сабаблари ва унинг иштирокчилари келтирган важлар аниқланган. Лекин Тошкент ИИББ хабарида можаро сабаблари келтирилмаган. 

Бундан аввалроқ Учтепа туманидаги 236-мактабнинг 11-синф ўқувчилари тарих ўқитувчисини дўппослагани, уларга махсус комиссия томонидан чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид