Ўзбекистон | 19:25 / 19.11.2018
62414
4 дақиқада ўқилади

Фермер қасамёд қилиши лозимми?

Фото: sirdaryo24.uz

Изоҳли луғатдан: «Қасамёд – ҳарбий ёки бошқа шу турдаги хизматга кираётганда, маълум бир статусни олаётганда (масалан, фуқаролик олаётганда ёки судда гувоҳлик бераётганда), лавозимга тайинланаётгандаги расмий ва тантанали онт ичиш маросими. Қасамёд фақат оммавий тарзда (омма кўз ўнгида) амалга оширилади ва қасамёд қилувчига уни – қасамёдни адо этмагани учун юридик жавобгарликни юклайди».    

Демократик тузумларда қасамёд кўп учрамайдиган тадбир бўлиб, фақатгина масъулият ҳажми улкан бўлган, масъулиятсизлик оқибатида жамият катта талофат кўриши мумкин бўлган ҳолатларда ҳамда судда – ҳақиқатни юзага чиқаришга сафарбар этилган идорадагина қўлланади. Президентлар ва ҳарбийлар халқ олдида, судда иштирок этувчилар Ҳақ олдида қасамёд қилади.

Бошқа ҳолатларда демократик жамиятлар кишини қасамёд қилишга мажбур этмайди. Зеро кўпчиликнинг – жамоатчиликнинг фикрий салоҳиятига қурилган, ҳар бир шахснинг ички иқтидорини юзага чиқариш ила ривожланишни қасд қилган жамиятлар учун жамият аъзосини қасамга таяшнинг нафақат ҳожати йўқ, балки мазкур жамиятларнинг мақсад-тамойилларига зид ҳамдир.

Шахсни маънан чеклаш, қасамга таяш – маълум ишларга мажбурлаш учун уни маънан тор «хонага» солиб мақсадга эришишга уриниш тоталитар тузумларга хос бўлган одатдир. Қизиғи шундаки, мазкур «чора»лар теппа-тескари натижа беради – чекловлар натижасида ривождан тўхтаган, шахсий сифатларига путур етган кишилардан иборат тизимлар тезда бузилиб, ишламай қолади ва ниҳоят, кенг қамровли бўҳронга юз тутади.    

«Ажабо!» –  Сирдарёда ҳоким ва прокурорлар олдида маҳаллий фермерлар қандайдир қасамёд қабул қилишганини эшитиб, кўпчилигимиз бехосдан шу сўзни айтган бўлсак ажаб эмас. Шу ўринда «фермер» тушунчасига аниқлик киритсак.

«Фермер (ингл. farmer) — ерга эгалик қилиб ёки ижарага олиб, ўзининг қишлоқ хўжалик фаолиятини юритувчи тадбиркор-деҳқон. Оддий деҳқондан фарқли фермер ўзининг товар хўжалигини тўлиқлигича бозор талабига юзланган ҳолда юритади».

«Фермер» сўзининг қисқа ва лўнда таърифидан биз фермер аввало тадбиркорлик субъекти эканлигини билиб олдик. «Тадбиркор» тушунчасини эса луғат «ишлаб-чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фойда кўриш мақсадида ўзининг бирор фаолиятини юритувчи шахс» деб таърифлайди ва барча таваккалчиликни ўз зиммасига олишини ҳам таъкидлайди.

Энди, бу жиҳатларни билганимиздан кейин, фермернинг ҳоким ва прокурор олдида қасамёд қилиши ҳолатини қайсидир бир мантиққа боғлаш иложсиз иш. Бу ерда ҳеч бир мантиқ йўқ. Бу ерда фақат маҳаллий мансабдорларнинг эски тузумдан қолган одатларини, эски воқеликни янгисига татбиқ қилишга уринишини кўрамиз, холос. Натижаси эса ўша – яна бир бор дунё ҳамжамиятига кулги бўлиш бўлади.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид