Жаҳон | 18:26 / 19.11.2018
13648
2 дақиқада ўқилади

Грузия​ халқининг ярим миллиард доллардан ортиқ қарзидан воз кечмоқчи

Грузия ҳукумати 15-31 декабр кунлари оралиғида фуқароларининг маҳаллий банклар ва бошқа молиявий тузилмалар олдидаги қарздорлигини бекор қилишини билдирди. Мамлакат Бош вазири Мамука Бахтадзега кўра, ҳукумат 565 миллион доллар миқдоридаги қарздорликдан воз кечиши кутилмоқда.

Бош вазир брифингда ҳукумат акцияси ҳақида гапириб, «бу тадбир БМТ белгилаган мақсадлар, хусусан қашшоқликка қарши кураш бўйича амалий чоралардан бири» эканлигини уқтирган. Бахтадзе «қора рўйхат»дан 700 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари ўрин олганини айтиб, уларнинг 150 мингдан ортиғи ижтимоий ҳимояга эга ва имконияти чекланган кишилар эканини билдирган. Грузия Бош вазири тез орада уларнинг исми қарздорлар рўйхатидан ўчирилишини айтган. 

Ҳукуматнинг ташаббуси мамлакат президентлиги учун 28 ноябрь куни ўтказилиши кутилаётган сайловнинг иккинчи тури олдидан эълон қилинди. Сайловда «Грузия орзуси» партияси қўллаб-қувватлаётган  мустақил номзод Саломе Зурабишвили ва мухолифат партияси вакили Григол Вашадзе ўзаро тўқнаш келади.

Мавзуга оид