Жамият | 19:05 / 20.11.2018
73283
2 дақиқада ўқилади

«Автомобиль капотидаги сайр». Каттақўрғонлик қоидабузарларга чора кўрилади

Шу кунларда Телеграм мессенжери ва ижтимоий тармоқларда ёши тахминан 20–25 ёшлар атрофида бўлган икки қиз кўчада, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, беҳаёларча йўл четида ўйнаб, номаълум автомашинанинг олд капотига ётиб олиб, ҳаракатланиб кетаётгани ҳолати тасвирланган видео тарқалди.

Видео Самарқанд вилояти ҳудудида тасвирга олингани маълум қилинганди.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг KUN.UZ’га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тезкор текширув ишлари олиб борилган.

«Текширув ишлари натижасида 2018 йилнинг 13 ноябрь куни соат 16:00ларда Каттақўрғон шаҳри Амир Темур кўчасида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан беҳаёларча менсимасдан ўйнаётган, сочлари калта сарғиш рангли қиз — Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида яшовчи Д.Ч., у билан рақсга тушган қиз — Каттақўрғон шаҳрида яшовчи У.Ф. экани, автомашина бошқарувида Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Р.С. отаси Р.Н.га тегишли «Нексия» русумли автомашинани ҳеч бир ҳужжатларсиз бошқаргани, мазкур ҳолатларни улар билан бирга бўлган Каттақўрғон шаҳрида яшовчи М.Н. қўл телефонида тасвирга олгани ва ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборгани аниқланган», дейилади хабарда.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, Р.С отаси Р.Н.га тегишли Нексия русумли автомашинани ҳужжатларсиз бошқаргани сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги  кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ва 138-моддаси 4-қисми билан ҳамда Р.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 135-моддаси 2-қисми билан, ҳамда фуқаролар Д.Ч., У.Ф., Р.С. ва М.Н. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан маъмурий баённома тузилиб, тўпланган ҳужжатлар Маъмурий ишлар бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид