Ўзбекистон | 18:07 / 26.11.2018
34661
9 дақиқада ўқилади

Янги алифбо: ё нажот – ё ҳалокат, ё са(в)одат – ё фалокат масаласи

Биламизки, ўзбек тили турли тарихий даврлар ва тузумлар ҳукмронлиги давомида турлича - 1929 йилгача араб ёзуви асосида, сўнг 1929 – 1940 йиллар оралиғида лотин ёзуви асосида, 1940 йилдан бошлаб то 1993 йилгача кирилл ёзуви асосида, 1993 йилдан бошлаб эса яна лотин ёзуви асосида ишлатиб келинмоқда.

Катта авлод вакиллари ҳамон кирилл ёзувидан фойдаланаётган бўлса, мактаб таълимини 1994 йилдан бошлаган ва саводи лотин ёзувида чиққан ёш авлод эса, табиийки, лотин ёзувидан ўзи билганича фойдаланиб келяпти.

Лотин ёзувида ёзаётган аҳоли қатламининг бир қисми уни имло қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлатаётган бўлса, бошқа қисми ёзувни ўзи учун қулайлаштириб, кирилл ёзувидаги ҳарфлар билан алмаштириб ёзиб келади.

1993 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» Қонуни, мазкур қонуннинг ўзига ўзгартиришлар киритиш ҳақида 1995 йил 6 майда Қонун қабул қилинган бўлса-да, лотин ёзувига тўлиқ ўтиш узил-кесил ҳал бўлмагани сабаб жамият аро йўлда сарсон.

2018 йилнинг май ойи ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Президентнинг ўша вақтдаги давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов имзолаган Ҳаракатлар режасида Ўзбекистон ҳукумати лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш қоидаларининг истисносиз ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриши ҳақида сўз боради.

Бунга қадар ҳам турли платформаларда лотин ёзувидаги ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича турли таклиф ва фикрлар илгари сурилган, айни кунга келиб эса бу борадаги муҳокамалар яна кучайди, чунки 2019 йилнинг январь ойига қадар юқорида келтирилган қонун моддаларининг истисносиз бажарилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, ундаги баъзи ҳарфларни ўзгартириш борасидаги муҳокамалар кундан-кунга қизимоқда. Kun.uz сайти алифбога киритилажак ўзгартиришлар ва у билан боғлиқ ўзгариш келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларнинг техник томонлама ечими, жамиятга таъсири, бу масалада олиб борилаётган ишлар тўғрисида мутахассис ва блогерларнинг муносабати билан қизиқиб кўрди.

Ҳамза Фозилжонов,
АКТ соҳасида таржимон

Таржима матнлар билан кўп ишлаганим боис, алифбо ва имло қоидалари билан боғлиқ турли муҳокамаларга бефарқ тура олмайман. Жамиятда алифбога ўзгартириш киритишни ёқламайдиганлар қатлами ҳам шаклланиб қолган. Жуда кўп кишилар матн билан ишлашда ҳарф белгиларидан хато фойдаланади, чунки бунга алифбо йўл бермайди. Айниқса  O‘ , G‘ ва тутуқ белгиси пухта ўйлашсиз киритиб қўйилганки, уларни тўғри ёзиш учун турли хил мураккаб комбинациялардан фойдаланишга тўғри келади ёки одамлар ўзларига қулай белгидан фойдаланиб ёзаверишади.

Шахсан ўзим лотин ёзувига асосланган ҳозирги ўзбек тили алифбосидан тўғри фойдаланиш учун Windows операцион тизимида клавиатура терилмасини (keyboard layout) яратиб, алифбони қулай ва бехато режимга мослаштириб олганман.

Инновациялар, замонавий юқори технологиялар ҳақида гапиряпмизми, эртами-кечми, сунъий идрок билан ҳам ҳисоблашишимизга тўғри келади. Сунъий идрок табиий тил билан ишлаш (Natural Language Processing) билан ишлайди, яъни – компьютер тизими бевосита тил орқали инсон билан мулоқот қилади. Масалан, инглиз тили орқали мулоқот қилувчи AI (artificial intelligence) ёрдамчи киритилган «book» сўзини тушунади, бироқ ўзбек фойдаланувчиси «O‘zbekiston» деб ёзиб киритган сўзини тизим икки қисмга бўлиб тушунади: O- ‘ –zbekiston (бу ерда алоҳида О, тиниш белгиси ва –zbekiston). Чунки бу белгилар диактрик белги эмас.

O‘ ҳарфи учун қуйидаги белгили ҳарфлар мос келиши мумкин:

G‘ ҳарфида ҳам шу тушунарсиз ҳолат. G‘ ҳарфи учун эса қуйидаги белгили ҳарфлар мос келиши мумкин:

Ğ – бревисли G, кенгайтирилган лотин алифбоси таркибига киради. Бу белги кўпчиликка таниш, чунки 1993 йилги лотин алифбомизда ҳозирги O‘ ва G‘ ҳарфлари учун айнан юқоридаги Ö (умлаутли O) ва Ğ (бревисли G) ҳарфлари ишлатилган, бироқ орадан атиги икки йил ўтиб, 1995 йилда бу ҳарфлар O‘ ва Gʻ ҳарфий бирикмаси билан алмаштирилган. Қолаверса, умлаут ва бревисли ҳарфлар турк, озарбойжон, туркман каби туркий халқлар алифбосида ҳам мавжуд. Бу белгиларни аксарият мобил қурилмалар клавиатураларида ҳам қийинчиликсиз ёзиш мумкин (янги ўзбек лотин алифбоси учун клавиатура терилмаси ишлаб чиқилгунича вақтинчалик ечим сифатида). Шунингдек, агар Oʻ ҳарфи учун Ŏ ҳарфи қабул қилинадиган бўлса, диактрик белгиси у билан жуда мос тушади. Натижада, қабул қилинаётган ҳарфлардаги диактрик белгиларнинг тури кўпаймайди ва бу одамларга анча қулайлик яратади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек тили алифбоси ҳарфларини ўзгартираётганда UNICODE тизимида тез-тез ва кўп қўлланадиган диактрик белгилардан фойдаланган мақсадга мувофиқ. Шунингдек, чалкашликларнинг олдини олиш ва аҳолини тезроқ янги алифбога ўргатиш учун янги ҳарфлар эргономик жиҳатдан қулайлигига қараб тўғри териб чиқилган клавиатура терилмаси (layout’и) ҳам зарур.

Шаҳноза Тўрахўжаева,
блогер

Алифбо доим дин ва сиёсатнинг измидаги нарса бўлиб келгани учун ўзи ҳам кучли бир қуролга айланиб қолган.

Майли, тарихда нима бўлса бўлгандир. 21 аср ― прагматиклар асри. Айниқса, сиёсат етовида бир неча бор алифбо ўзгартирган ўзбек энди эсини йиғди. Энди алифбони кимгадир ёқиш, кимдандир узоқлашиш ва яна кимгадир яқинлашиш учун эмас, ўзи учун, бугуни, келажаги, болалари учун қулай қилиш мақсадида алмаштирмоқчи!

Мен масаланинг айнан шундай, сиёсатдан ташқарида кўрилишини истар эдим. Яъни, алифбо сиёсат туфайли эмас, ички эҳтиёж сабаб ислоҳ қилинаётганини одамларга тушунтириш керак деб ўйлайман.

Бунинг учун нима қилиш керак?

Бунинг учун, аввало, чиндан ҳам алифбо ислоҳида сиёсий мотивлардан воз кечиш лозим. Агар Ж ҳарфини иккита қилиш учун туркий дунё билан яқинлашишдан бошқа салмоқлироқ сабаб бўлса ва у сабаб шунча оворагарчиликларга арзиса, алмаштириш керак. Лекин бирлаштириш, узоқлаштиришни алифбога юкламаслик лозим.

Сабаби, энди бу ишни алифбо қила олмайди. Қолаверса, сиёсатга қараб ўзгарган алифбо беқарор алифбо экан деган хулосамиз бор, афсуски.

Ҳозир ҳарф ислоҳидан ҳам муҳимроғи имло қоидалари! 20 йилдан ортиқ вақт ўтди, имло қоидаларимиз чалкаш, sentabr ―sentyabr дея бўлиниб ётибмиз.

Ундан ҳам муҳимроғи ― умуман ўзбек тили масаласи. Асли оёғида маҳкам турган тилнинг имлоси ҳам маҳкам бўлади (майли, бу дафтарни очмайман ҳозир).

Алифбони сиёсатдан ажратиш керак. Ташқарида 21 аср, жаноблар!

Умид Гафуров,
Блогер

Ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмаларда ch, o‘ ёки sh ҳарфлари ўрнига 4, 6 ёки w каби белгиларини ёзадиган фойдаланувчилар ўзлари учун белгиларни қулайлаштириб олгани бор гап. Бир томондан қарасак, балки буни ўз тезроқ фикрларини тезроқ ифода этиш учун қулай усул дея ҳисоблаш ҳам мумкин, афсуски бу борган сари кўпчилик томонидан нормал ҳолатга айланиб боряпти.

Ҳатто резюмеда ҳам шунақа ёзувдан фойдаланишяпти. Сайтларнинг катта қисми кирилл ёзувида. Эски алифбо умуман ҳэштег билан келишмайди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўп сонли кузатувчиларга эга саҳифаларда алифбо ўзгаришидан келиб чиқадиган чалкашликларга нисбатан салбий кайфиятдаги фикрлар кўпайди. Баъзилар томонидан алифбомизга турк алифбосидаги ҳарфларнинг киритилиши ортидан Туркияга яқин бўламиз, деган фикр эса мантиқсизликдан ўзга нарса эмас. Дейлик, Хитой ёки Ҳиндистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар билан яқинлашиш дегани уларнинг иероглифлари ёки санскритдан фойдаланиш керак, дегани ҳам эмас-ку?

Янги алифбо жорий қилинса ҳам саводсизлар саводсизлигича қолади. Мени ўйлантираётгани давлат рамзи, ҳужжатларнинг ўзгариши, қилинадиган сарф-харажатлар.

Алифбонинг ўзгартирилишига сарфланаётган маблағ таълим сифатини яхшилашга сарфлангани маъқул деб ўйлайман. Алифбо ислоҳотларидан сўнг таълим тизими ислоҳоти ҳам ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мирзаёр Эркинов

Мавзуга оид