Туркий давлатлар ташкилоти ягона ўрта алифбо яратиш масаласини муҳокама қилмоқда.

20 октябр куни Туркиянинг Бурса шаҳрида Турк тили кунининг 90 йиллигига бағишланган семинар ўтказилган ва унда Туркий давлатлар ташкилотига ягона алифбо яратиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги қарор тақдим этилган.

Бу ҳақда хабар берган Туркия ОАВларига кўра, семинарда олимлар ўз мамлакатларидаги алифбо ва тарихий тил жараёнлари ҳақида маълумот бериб, ягона алифбога ўтиш ишларини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган.

Kun.uz манбалари бу семинарда Ўзбекистон вакиллари иштирок этмагани, аммо ҳукумат мавзу атрофидаги муҳокамаларни жиддий тарзда кузатиб бораётганини таъкидлади.

Башарти, туркий давлатлар ўртасида ягона алифбо масаласи кўтарилган экан, бу қандай ғоя, нимага хизмат қилади, нега керак, қанчалик яшовчан ва Ўзбекистоннинг бунга позицияси қандай бўлади, деган саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Kun.uz мухбири айни мавзу атрофидаги саволларни адабиётшунос олим, ёзувчи Улуғбек Ҳамдамга берди.

— Улуғбек ака, туркий давлатларнинг ягона алифбоси бу – қандай ғоя, унинг тарихий илдизлари қаерга бориб тақалади? Унга бугун қанчалик зарурат бор?

– Алифбонинг бирлик ғояси бу жуда яхши ғоя. Чунки бу бирликка хизмат қилади. Бурсада алифбонинг 90 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференцияда шундай ғоя ўртага ташланган. Буни бир зиёли сифатида қўллаб-қувватлайман. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Алишер Навоий асарларини XVIII асрга қадар Туркияда ҳам ўқиб бемалол тушунишган. Озарбойжонда ҳам, Қозоғистонда ҳам худди шундай бўлган. Бу ўша алифбонинг бир хиллиги сабабли келиб чиққан. Чунки ўша пайтларда алифбо ҳаммада бир хил, араб имлосида эди. ХХ асрнинг бошларида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини бошқа туркий халқлар ҳам тушунган. Масалан, Татаристонда бу асар қандай севиб ўқилган? Ҳаммасининг сабаби алифбо бирлигида. Буни адабиёт нуқтаи назарида таҳлил қиляпман. Аммо бошқа соҳалардан ҳам бу ижобий натижа беради. Мисол учун Қозоғистондаги бир иқтисодчининг ёзган китобини бизнинг иқтисодчилар бемалол ўқиб тушунишган. Бу ерда тил бирлиги ва якдиллик бор.