11:00 / 27.11.2018
7382

Экспорт шартномалари энди божхона органларида рўйхатга қўйилмайди: ҳеч қандай истисноларсиз

Истисно тариқасида амал қилиб келган айрим маҳсулот турларини экспорт қилиш учун шартномаларни божхона органларида рўйхатга қўйиш талаби бекор қилинди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–5582-сонли фармонида ўз аксини топган.

Norma.uz маълумотига кўра, 2003 йилнинг 1 октябридан Ўзбекистонда Импорт шартномаларини божхона мониторинги тизими (Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими, ТСОЯЭАТ) амал қилиб келмоқда. Унинг мавжудлиги амалда экспорт шартномаларини божхона органларида рўйхатга қўйиш заруриятининг тўлиқ ўрнини эгаллади.

Бироқ, шу пайтгача айрим истиснолар амал қилиб келмоқда эди. Давлат божхона хизмати органларида (қонунчиликка мувофиқ экспорт шартномасига тенглаштирилган шартномаларидан ташқари) айрим товарлар экспортига тузилган шартномалар рўйхатга қўйиб келинаётган эди. Жумладан:

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 3 ноябрдаги ПФ–5215-сонли фармонининг 1-иловасига кўра;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 15 декабрдаги ПФ–5286-сонли фармонининг 1-иловасига кўра;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қуватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ–3351-сонли қарори иловасига кўра.

Президентнинг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ–5582-сонли фармони кучга кириши билан барча маҳсулотлар бўйича экспорт шартномаларини божхона органларида рўйхатга қўйиш талаби бекор қилинди. Ўз-ўзидан, юқорида тилга олиб ўтилган истиснолар ортиқ амал қилмайди.

Top