WBC боксни Олимпиада дастурида сақлаб қолишга чақирди

Фото: AFP
Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) Халқаро Олимпия қўмитасига бокснинг Олимпиада дастурида сақланиб қолиниши илтимоси билан мурожаат қилди.
Ноябрь бошида Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмасининг (AIBA) Москвадаги конгрессида Ўзбекистон вакили Ғофур Раҳимов ушбу ташкилот президенти лавозимига сайланганди. АҚШ молия вазирлигининг хорижий активларни назорат қилиш департаменти Раҳимовни санкциялар рўйхатига киритгани сабаб, ХОҚ Раҳимовга AIBA президенти лавозимига унинг номзоди илгари сурилиши бокснинг Олимпиада дастурида сақланиб қолиниши масаласига таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилган. Кейинроқ ХОҚ AIBA конгрессининг қарорини бир ойдан кейин ижроия қўмитаси йиғилишида муҳокама қилиши маълум бўлганди.
“Бокс Олимпиаданинг асосий турларидан бири бўлган ва 1904 йилдан бошлаб замонавий Олимпия ўйинлари дастурида бор. Бутун бокс олами ХОҚ ва AIBA бокснинг Олимпиада дастурида бўлишини хавф остига қўяётган зидддиятлар бўйича келишиб олишига ишонади. Ҳаваскорлик бокси ёш йигитларга ўз орзуларига эришишлари ва ўз давлатларини Олимпиадада тақдим қилиб, шон-шуҳрат қозонишларига имкон беради”, деб айтилган WBC баёнотида.
Маълум қилинишича, Киевдаги ҳар йиллик конвенцияда WBC вакиллари миллионлаб бокс ихлосмандлари бокснинг Олимпия ўйинларида қолиши истагини билдиришган петицияга имзо қўйишган.