10:50 / 28.11.2018
29710

Бухорода 20 минг мевали дарахтдан иборат боғлар бузилиш арафасида. Ҳокимлик бу ерларга пахта ва ғалла экмоқчи

Кўчат экиб, боғ яратиш, юртимизни боғу бўстонга айлантириш халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири. Шу боис ҳам ҳар бир инсон ерга ниҳол қадаб, боғ яратишга интилади. Йиллар давомида парваришлайди, мева бера бошлагач, бундан ўзгача завқ олади. Аммо бир неча йил парваришлаб, эндигина ҳосилга кирган мевали дарахтлар боғи бузиб ташланиши ҳақида эшитса, ҳар қандай инсон ҳам қилган меҳнатига, кўзни яшнатиб турган боғига ачинади, албатта.

Kun.uz таҳририятига Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги «Сўфидеҳқон» маҳалласи аҳолисидан келган мурожаат айнан шу мазмунда. Ушбу мурожаат жойида ўрганилди.

Маълум бўлишича, ушбу маҳалладаги хўжаликларга давлат томонидан 1989 йилда қўшимча томорқа сифатида 7-10 сотихдан ер ажратилган. Аҳоли шу кунга қадар ушбу ерлардан фойдаланиб келади. 200дан зиёд хўжалик бу ерларда боғ яратган. Боғдаги меваларни бозорга олиб чиқади, даромад олиб, рўзғорини тебратади.

Бироқ, яқинда Вобкент тумани ҳокимининг ушбу боғлар бузилиши ва ерлар қайтариб олиниши ҳақидаги буйруғи маҳалла аҳолисини ташвишга солди.

«Яқинда туман ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди ва ҳоким ерларни қайтариш, боғларни бузиш ҳақида топшириқ берди. Шу топшириқ асосида 20 ноябрь куни маҳаллада йиғилиш ўтказдик ва аҳолига ҳокимнинг буйруғини етказдик. Аҳоли бундан норози бўлмоқда. Туман ҳокимига бу борада қарор борми, аҳолига қандай асослаймиз, деганимизда, ҳоким «Ким норози бўлса, менга учрашсин, ўзим тушунтираман», деб жавоб берди. Ҳозир аҳолига боғларидаги мевали дарахтлар кўчирилиши кераклигини айтаяпмиз», – дейди «Сўфидеҳқон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Муҳаммадиев.

Боғларни кўздан кечирдик. Боғларда олма, шафтоли, ўрик, гилос каби турли мевали дарахтларни кўриш мумкин. Ҳар бир мева туридан алоҳида боғлар қилинган. Айримлари шу йил, баъзилари эса бир-икки йилдан буён ҳосил бермоқда.

«2009 йилгача бу ерларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экардик. Сув масаласи муаммо бўлгандан кейин менга ажратилган ерга гилос экдим. Неча йиллар парваришлаб, боғ яратдим. Ўтган йилдан буён даромад ҳам ола бошладик. Аммо неча йиллик меҳнатимиз сингган боғимиздан ва даромадимиздан бир зумда айиришмоқчи», – дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Мусо Холматов.

Маҳалла аҳолисининг айтишича, ушбу ерларнинг солиғи тўлиқ тўлаб келинмоқда.

«Ер солиғини ҳар йили тўлаб келмоқдамиз. Биз бу боғларни асраб қолишни истаймиз. Туман ҳокимлиги бу муаммони ижобий ҳал этишига умид қиламиз», – дейди фуқаро Анвар Савриддинов.

Аниқланишича, ҳозирда маҳалладаги хўжаликлар томонидан яратилган боғларда 20 мингга яқин мевали дарахт мавжуд. Олинаётган ҳосил ҳар йили вилоят бозорларини турли сархил мевалар билан тўлдириб келмоқда.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, ушбу ерлар республика ҳукуматининг 1989 йил 17 августдаги  «Қишлокда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида»ги қарори асосида аҳолига қўшимча томорқа сифатида берилган.

Ушбу масала юзасидан Вобкент тумани ҳокими А.Жаводов билан суҳбатлашдик.

«Қарорга кўра ушбу ерларда боғ яратиш, кўп йиллик экин экиш ва уй-жойлар қуриш мумкин эмас. Фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экишга рухсат берилган. Аҳоли томонидан яратилган боғлар ноқонунийдир. Бу каби ноқонуний ҳолатларга чек қўйиш учун ерларни қайтариб олмоқчимиз. Ўрнига пахта ва ғалла экилади. Аҳолига бошқа ҳудуддан тегишли тартибда ер ажратиб берилади», – дейди туман ҳокими.

Боғлар бир неча йиллар давомида барпо этилган. Аксарият хўжаликлар 2009 йилдан бу ерларда боғ қилишни бошлаган. Ниҳоллар экилгандаёқ аҳоли бу борада огоҳлантирилганда, улар меҳнатига куймасди, боғлар ҳам увол бўлмасди. Лекин шунча вақт чора кўрилмай, нега айнан бугунги кунда бу муаммо юзага келди? Шу каби саволлар билан туман ҳокимига юзландик.

«Бу борада аҳолини бир неча марта огоҳлантирганмиз. Аммо улар ўзбошимчалик билан бу ишларни давом эттирган.  Ноқонуний қурилишлар олиб борилган ҳолатлар ҳам бор. Ҳаммасига шундай чора билан чек қўймоқчимиз. Бу муаммо бир бу маҳаллада эмас, бошқа айрим маҳаллаларда ҳам мавжуд. Боғларни қолдирадиган бўлсак, туманда бу каби ўзбошимчалик илдиз отиб кетади. Бугун қанчадир боғдан воз кечсак ҳам бу муаммонинг олдини оламиз», – дея жавоб берди саволларимизга туман ҳокими.

У боғларни бузилишдан асраб қолишнинг ҳеч қандай имкони йўқлигини таъкидлади.

Суҳбат сўнгида туман ҳокими бу муаммо юзасидан маҳалла аҳли билан учрашиб, мулоқот қилишга ваъда берди.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top