10:45 / 29.11.2018
7137

“Вақф” фонди Наманганда никоҳ ва суннат тўйларини ўтказди

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан республикада илк маротаба “Никоҳ тўйлари” акцияси ўтказилди.

Caption

Хайрия акцияси доирасида 2 нафар келин-куёвнинг никоҳ ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг 12 нафар фарзанди учун хатна ақиқа тўйлари кўтаринки руҳда нишонланди.

Фото: Вақф

Тантанали байрам тадбирида “Вақф” фонди тарғибот ишлари раҳбари Одилхон қори Юнусхон ўғли, Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакили Абдулҳай қори Турсунов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ирода Қўчқорова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Абдулазиз Мўминов сўзга чиқиб, катта ҳаёт остонасида турган ёшлар ва тўйболаларни табриклаб, эзгу тилакларини билдирдилар.

Фото: Вақф
Фото: Вақф

“Вақф” фонди ёрдамга муҳтож кишилар, ногиронлиги борлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам даромадли оилаларга мунтазам равишда яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Хайрия фонди шу вақтга қадар 1 миллиард сўмдан зиёд саховат ишларини амалга оширди. 

Фото: Вақф

Фонднинг “Никоҳ тўйлари” акциясида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини никоҳ ва хатна тўйларини ўтказиб бериш назарда тутилган. “Рўзғор” лойиҳасида эса кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор кишиларнинг уйларига рўзғорлик қилиб берилади. “Обод хонадон” лойиҳасида эса ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг манзилларини топиш, уларнинг уй-жойларини қуриш ва таъмирлашга ёрдам берилади. “Эҳтиёжмандларга кўмак” лойиҳаси орқали  кийим-кечак, мебель, маиший техника жиҳозлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларини йиғиш ва эҳтиёжмандларга беғараз бериш амалга оширилади. Шунингдек, фонд “Оби ҳаёт” лойиҳасида яқин келажакда ишга тушириб, унда олис қишлоқ ва овулларда сув чиқариш режалаштирилган. 

Фото: Вақф
Top