«МЮ» Пикфордни футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонга айлантирмоқчи
«Манчестер Юнайтед» «Эвертон» дарвозабони Жордан Пикфордни сотиб олишга жиддий бел боғлаган.
Express нашри маълумотига кўра, манкунианликлар ушбу дарвозабон учун 80 млн евродан ортиқ маблағ тўлашга тайёр. Бу трансфер амалга ошса, Пикфорд футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонга айланиши мумкин.
Айни вақтда «қизил иблислар»нинг биринчи рақамли дарвозабони — Давид де Хеа клуб билан янги шартнома тузишдан бош тортмоқда.
Бундан аввалроқ «МЮ» испаниялик дарвозабон билан шартномани автоматик равишда 2020 йилга қадар узайтиришга тайёрлиги, аммо футболчи розилик билдирмаётгани ҳақида хабар берилганди.
Айни вақтда 24 ёшда бўлган Пикфорд «Эвертон»га 2017 йилнинг ёзида «Сандерленд»дан 28,5 млн евро эвазига келиб қўшилганди. У жорий мавсумда Англия чемпионатида 13 ўйинда дарвозани қўриқлади ва 15 гол ўтказди. Шу билан бирга, икки марта пенальтини бартараф этиб, 4та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлади.
Маълумот учун, айни вақтда дунёнинг энг қимматбаҳо дарвозабони Кепа Аррисабалага ҳисобланади, у шу йилнинг ёзида 80 миллион евро эвазига «Атлетик»дан «Челси»га келиб қўшилганди.