20:47 / 02.12.2018
48558

Жеки Чан ҳаётининг “қора томонлари”ни ошкор қилди

Машҳур актёр Жеки Чан ўзининг “Never Grow Up” (Ҳеч қачон улғайма”) деб номланган ёдномаларида ҳаётининг “қора томонлари”ни ошкор қилди. Жумладан, у ёмон ота ва аёлларга ёмон муносабатда бўлганини тан олган. Бу ҳақда Daily Mail нашри ёзмоқда.

Актёр ўз китобида спиртли ичимликларга ружу қўйгани, ўғлига нисбатан зўравонлик қилгани ҳақида сўзлаб берган. У, шунингдек, тез-тез машина рулига маст ҳолатда ўтириши ва бир марта бир кун ичида иккита қимматбаҳо машинани уриб олганини маълум қилган. 

“Ночорликда яшаганингдан кейин, пуллар сенга ишонч ҳиссини беради. Мен атрофимда кўп одам бўлишини ёқтирардим, ҳар гал катта компания билан овқатланардим. Ўн йилча аввал мен бир йил ичида бошқа одамларнинг овқатланиши учун 2 миллион доллар сарфлаб юборганман. Мен қимматбаҳо совғалар берардим: соатлар, машиналар, қўлда тайёрланган чарм курткалар, қимматбаҳо вино”, деб ёзган актёр ўз китобида.

Жеки, шунингдек, биринчи севган қизига ёмон муносабатда бўлгани, кези келганда у билан бирга вақт ўтказмаслик учун баҳона излаганини сўзлаб берган.

Актёрнинг айтишича, у васвасага тушиб, биринчи рафиқасидан пулларни яширган, унга фақат пуллари керак, деб ўйлаган. Жекининг эслашича, у бир марта рафиқаси билан жанжал вақтида ўғли Жейсини ушлаб, хонанинг нариги бурчагига улоқтириб юборган. У, шунингдек, рафиқасига собиқ “Мисс Осиё” ва актриса Элейн Нг билан хиёнат қилганини тан олган.

“Мен яхши ота ёки яхши эр бўлмаганман, бироқ ўғлим ва унинг онаси олдидаги бурчимни бажарганман”, деб айтган актёр.

Актёр барча ёмон қилмишлари ғўрлиги ва ўзига ишончи йўқлиги оқибати эканини тан олган.  

Top