Ўзбекистон | 16:20 / 04.12.2018
25905
5 дақиқада ўқилади

​​Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидаги «ўйинлар». Раҳбар «ўлик жонлар»ни ишга олган

Фото: 123RF

Иш жойларида айрим ходимларга нисбатан «ўлик жон» («мёртвая душа») ибораси қўлланилади. Бу шундай ходимки, у билан меҳнат шартномаси тузилади, ойлик иш ҳақи тўланади, аммо ишда кўриниш бермайди. Аслида, унинг кўриниши ҳам шарт эмас: ҳаммаси қоғозда «текисланиб» кетилади. Албатта, иш берувчининг «оғзини мойлаш» орқали буни амалга ошириш мумкин. Ёки иш берувчи мўмай даромадни ўзлаштириш учун шундай ишга қўл уради.

Бандликка кўмак берувчи марказда «ўлик жонлар» бор.

Kun.uz мухбирига маълум бўлишича, Шайхонтоҳур тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида шундай ходимлар ноқонуний равишда ишлаб келган.

Марказ ходимларининг шу йили 20 августда прокуратурага ёзган аризаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шайхонтоҳур туман бўлими ўтказган текширувларда, ҳақиқатдан ҳам «ўлик жонлар» мавжудлиги аниқланган. Яъни, марказ раҳбари Д.С. ўз хизмат вазифаларини бажармаган уч нафар ходимга ишда бўлмаган кунлари учун табелга сохта маълумотлар киритиб, ойлик иш ҳақи тўлаб, жами 6 миллион 189 минг сўм миқдордаги бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилган.

Д.С. нинг ушбу ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «​г»​ банди (Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан такроран талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги, лекин терговга қадар текширув жараёнида Д.С. туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, келтирилган зарарни тўлиқ бартараф қилганлиги, шу сабабли унинг айблилик масаласини ҳал қилмай туриб, жиноят иши қўзғатилишини рад этиш сўраганлигини инобатга олиб, «​ўлик жонлар»​га оид ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига мувофиқ, жиноят иши қўзғатиш рад қилиш билан якунланган.

Туман прокуратурасининг қонунбузилиши ҳолатларига шарт-шароит яратиб берган шахсларга нисбатан чора кўриш юзасидан киритган тақдимномасига асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари Тошкент шаҳар Бош бошқармаси томонидан Д.С. га ҳайфсан эълон қилинган.

«Ўлик жонлар» нима мақсадда ишга олинган эди?

Суриштирув давомида Д.С.нинг айтишича, туман ҳокимлиги томонидан унга Шайхонтоҳур туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тумандаги 18-округдаги ижтимоий-маиший масалаларни бошқариш вазифаси юкланган, шунинг учун у ишларни ёлғиз уддалашга жисмоний тарафдан кучи етмаган, «ўлик жонлар»ни марказ ходимлари сифатида расмийлаштирган ва аслида улар 18-округ фаолиятига оид ишлар билан шуғулланган.

Раҳбарга кўра, марказ ходимлари шунинг учун «кўринмас ходимлар»ни танишмаган ва ишламасдан ойлик оладиган ходимлар, деб ўйлашган.

Суриштирув давомида Д.С. коллеж ўқувчисини ярим (0,5 ) ставка асосида, марказ мутахассиси сифатида ишга олгани аниқланди. Ваҳоланки, марказдаги ушбу лавозимда ишлаш учун олий ёки ўрта-махсус таълимни тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом бўлиши талаб этилади.

Д.С.​ бунга изоҳ беришича ушбу ходим оилавий шароити оғирлиги сабаб ишга қабул қилинган.

Йўл қўйилган камчилик, хатолардан хулоса қилиб, бундан кейин ишни қандай ташкиллаштириши сўралганида эса Д.С.​дан аниқ фикр, жўяли таклифлар чиқмади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари Тошкент шаҳар Бош бошқармаси бошлиғи Азиз Тошматовнинг изоҳлашича, Д.С.га ўз хоҳишига кўра, ариза ёзиши учун 19 ноябрдан бошлаб 2 ҳафта муддат берилган. Ушбу вақт давомида Д.С. ариза ёзмаса, Меҳнат кодексининг 100-моддаси бўйича иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этилади ва бошқа жойда қуйи лавозимга тайинланади. Бу муддат ҳам ўтди. Натижа қандай бўлгани бизга номаълум.​

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид