22:19 / 07.12.2018
4608

Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки қачон иш бошлаши маълум қилинди

Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки 2019 йилнинг март ойида иш бошлайди. Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки фаолиятига бағишланган бизнес-брифинг доирасида шу ҳақида маълум қилинди. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи С.Одинаев брифингда “Тўқимачилик технопаркини ривожлантириш ва ташкил этиш” мавзусида тақдимот ўтказди.

“Ўзбекистон-Корея технопарки тўқимачилик соҳасидаги инновацион ғояларни олимлар ва корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали амалга оширишга қаратилган лойиҳадир. Айни кунларда Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки қурилишининг якуний босқичи амалга оширилмоқда. 2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки иш бошлайди”, - дея маълум қилди Одинаев.

“Геонги Даэжин” технопарки мутахассислари “Тўқимачилик технопаркининг асосий функциялари ва вазифалари” мавзусида тақдимот ўтказишди. Технопаркнинг асосий вазифаларидан бири енгил саноат соҳасидаги ўзбек корхоналарига Жанубий Кореянинг соҳага оид энг замонавий инновацияларини жалб қилиш ва амалга оширишни ташкил этишдан иборат. Бундан ташқари, материалшунослик, бўяш ва безаш, мато ва кийим-кечакларни лойиҳалаш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳам технопарк вазифаларига киради.

Жанубий Корея экспертлари гуруҳи иштирокчиларга Тошкентдаги Тўқимачилик технопарки фаолияти, унинг асосий вазифалари, Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида сўзлаб беришди. Уларнинг сўзларига кўра, технопаркнинг бир қисмида юқори технологияли офис биноси жойлаштирилади, шунингдек қуёш панеллари билан жиҳозланган технологиялар ёрдамида экспериментал ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун умумий майдони 10 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган алоҳида бино қурилади.

Бундан ташқари, технопарк замонавий ускуналар билан жиҳозланади, улар янги маҳсулотлар прототипларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлишади. Бунга қирқ нафардан ортиқ тадқиқотчи, шу жумладан Корея Республикаси мутахассислари ёрдам беради.

Технопарк биноси Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган. Офислардан ташқари, у кимёвий, биологик, экологик лабораториялар ҳамда ишлаб чиқариш устахонасини ташкил этади.

Тўқимачилик соҳасида олимлар ва корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали инновацион ғояларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистоннинг юздан ортиқ талабалари ва магистрлари Корея институтларида, махсус тўқимачилик технопаркларида малака ошириши мунтазам йўлга қўйилади.

Тадбир доирасида жорий йилнинг ноябрь ойида Корея Республикасидаги амалиётни муваффақиятли якунлаган маҳаллий саноат мутахассисларига сертификатлар топширилди.

Якунда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Геонги Даэжин” технопарки ва “Геонжи трикотаж саноат кооперацияси” ўртасида тўқимачилик саноати соҳасида ҳамкорлик қилишга оид англашув меморандуми имзоланди. Шартномада инновацион тўқимачиликни ривожлантириш ва саноат ходимлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик, ташкилотларнинг ривожланиши, технология трансфери ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш назарда тутилган.

Маълумот учун: 2017 йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Президентининг қарорига асосан Корея Республикаси ҳукумати томонидан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилган Ўзбек-Корея технопаркини қуриш бошланган.

Top