Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон тиббиётидаги патронаж тизими нима?
Тасаввур қилинг: шифокор уйингизга келиб, юрак-қон босимини ўлчаяпти. Кейин, хонадондаги барча билан суҳбат қилиб, кўп саволлар беради. Тўғри овқатланиш, мушак ва қон айланиши бўйича фойдали маслаҳатларни айтади. Касаллик хавфи юқори бўлган кишини эса зудлик билан поликлиникага мурожаат этишга ундаб, у ҳақда батафсил маълумотларни ёзиб олади. Айнан шундай тизим, яъни уйма-уй юриб аҳолини даволаш - патронаж усули Кубада йўлга қўйилган. Бу энди Ўзбекистонда ҳам жорий этилди. Жамоат соғлиғини сақлашда Куба эришган натижаларни Ўзбекистон ҳам такрорлай олиши мумкинми? Агар икки мамлакат аҳолисини умумий ўхшаш томонларини инобатга олсак, жавоб - ҳа. Негаки, Кубада ҳам аҳолининг тиббий саводхонлиги паст бўлган, улар касал бўлиб, тўшакка ётиб қолмагунча, шифокор кўригига бормаган.
Видео: Youtube.com
Видео: Tas-IX
АҚШ соғлиқни сақлаш учун аҳоли жон бошига 8553 доллар сарфласа, Куба аҳоли жон бошига қарийб 431 доллар харажат қилган ҳолда, жамоат соғлиғини сақлашда Америкадан яхши натижага эришмоқда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти собиқ Бош директори Маргарет Чан ушбу натижанинг калити “Куба тиббиёти касалликни профилактика қилишга ихтисослашганида”, деб изоҳлаган. Шунга монанд, Куба конституциясида тиббий хизматдан фойдаланиш бепул экани, сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши давлат томонидан кафолатлангани битилган. Бу сизга Ўзбекистон бош қомусидаги сўзларни ҳам эслатяптими?
Кубада асосий ва катта ишни тез тиббий ёрдам шифокорлари ва оилавий умумий амалиёт шифокори бажаради. Агар шахснинг аҳволи қониқарсиз, деб топилса, у тор мутахассисликдаги шифокор қабулига бориши шарт. Мамлакатда эса юқори малакали шифокорлар кўп. Масалан, 11 миллион аҳолига 90 минг шифокор жамоаси хизмат кўрсатишга тайёр. Бошқачароқ айтадиган бўлсак, ҳар минг кишига 8 нафар шифокор тўғри келади ва шундай кўрсаткичда энг яхши натижалардан бири айнан уларга тегишли. Негаки, Буюк Британияда ҳар минг кишига 2,7 нафар шифокор, АҚШда эса 2,5 нафар оқ халат эгаси тўғри келади.
Тиббий суғурта яхши ривожланмаган, жамоат соғлиғини сақлаш принциплари бўйича ишлаётган айрим давлатларда аҳолининг тиббий саводхонлиги паст эканлиги кузатилади, ваҳоланки, кишилар касалликка чалиниб, ҳолат оғирлашмагунча, шифокор кўригига бормайди. Патронаж тизимининг ижобий томони шундаки, касалликларни профилактика қилиш билан бирга, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш имкони ҳам пайдо бўлади. Масалан, улар шифокор билан бевосита мулоқотда бўлиши мумкин. Шунингдек, патронаж тизимида шифокорлар касалликларнинг тури ва географик жинсига қараб, категориялаштириб боради. Хавфни келтириб чиқарувчи омиллар билан кураш бошланади.
MEDICC Review журнали бош муҳаррири Гейл Риднинг айтишича, мамлакат бу тизимни танлашига сабаб айнан Кубанинг иқтисодиёти катта эмаслиги, аҳоли нисбатан камбағал эканида бўлган.
“Гипертонияни оддий машқ ё тўғри овқатланиш билан бартараф этиш анча қулай. Кейинроқ, касалликни юрак шунтирлаши билан даволаш катта ресурс талаб этади. Касаллик бошланган чоғдаёқ ёки пайдо бўлмасдан, унга қарши курашиш аҳамиятга эга”, - дейди у.
Ўзбекистонда эса вазият сал бошқача: шифокорларга меҳнатига яраша ҳақ тўланмаслиги оқибатида, тажрибали ва иқтидорли шифокорлар хорижга иш излаб кетган. Қолганлари ҳам давлат секторидан хусусийга ўтиб, даромадини кўпайтиришни афзал билади. Ўз-ўзидан давлат секторида ишлайдиган шифокорлар турли важлар билан таъмагирлик қилишни ўрганди, дори-дармон етишмаслиги бир муаммо бўлса, ускуналарнинг маънан эскирганлиги бошқа муаммо.
Соғлиқ сақлаш вазири Алишер Шодмонов тизимни сақлаб қолиш, уни ривожлантириш учун таклифларини билдирди. У бу ҳақда Kun.uzʼга берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Хорижга кетганларни қайтариш билан бирга, ҳозирги ёш мутахассисларимизнинг кетиб қолишини ҳам олдини олишимиз керак. Бунинг учун биз ҳокимлар билан бирга қуйидаги ишларни амалга оширяпмиз: биринчи навбатда уларга имтиёзли равишда уй-жой бериш масаласи. Иккинчи навбатда имтиёзли равишда кредитга автомобиль бериш масаласи. Шу билан бирга уларга икки ставка ишлаш шароити яратиб берилди. Илгари бунақа имконият йўқ эди, мана бу йилдан раҳбаримиз топшириғи билан, Молия вазирлиги томонидан шунга имконият берилди”,- дейди у.
Албатта, вазир меҳнатга яраша ҳақ тўлаш кераклигини, бу борада шифокорлар кам маош олаётганини таъкидлаб ўтган. Бу тиббиёт “йўқотиш”ларининг асосий муаммоси экани очиқ айтилган.
“Уларнинг маоши юқори бўлиши керак. Ойлик маошнинг юқори бўлиши соҳа, тиббиёт, касбнинг обрўсини кўтаради. Бунга келиб, ишлашни хоҳлаётганларнинг сони кўпаяди. Хорижга кетиш камаяди. Давлат муассасасидан хусусий секторга ўтиб кетиш камаяди. Шунинг учун, бу, ҳукуматнинг олдида муҳим вазифа бўлиб қолишининг, биз, тарафдоримиз”, - деб таъкидлаган Алишер Шодмонов.
Гапнинг индаллоси, патронаж тизими Кубада қанчалик яхши натижага эришган бўлса ҳам, тиббиёт ходимларига кам маош тўланиши кўзланган ислоҳотларни муваффақиятли бўлишини таъминлаб беролмайди. Бундан ташқари, Кубада ҳам, Ўзбекистонда кузатилаётгани каби, аҳоли соғлиғи учун бепарво бўлиб қолиши, оқибатда қон-юрак касалликлари, жигар хасталиги, қанд касаллигига чалиниш ҳолатларини камайтиришга қаратилган профилактика таъсирчанлигини йўқотган.
Мавзуга оид
07:47 / 04.05.2026
Янги хусусий клиникаларга трансплантация қилишга рухсат берилади
15:20 / 29.12.2025
Тиббиёт ходимлари фарзандларига контрактнинг 30 фоиз қисми қоплаб берилади
10:44 / 27.12.2025
Қирғизистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади
22:57 / 23.12.2025