Ўзбекистон | 23:01 / 13.12.2018
4990
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда спортнинг техник ва амалий турлари янада ривожлантирилади 

Фото: «​Ватанпарвар»

2019–2021 йилларда Ўзбекистонда спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Дастурда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, спортнинг техник ва амалий турлари мураббийлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш, миллий ва халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш кўзда тутилган.

Дастурга мувофиқ, “Ватанпарвар” МКТ ҳузуридаги Республика техник ва амалий спорт турлари маркази спортнинг техник ва амалий турлари бўйича юқори малакали спортчиларни тайёрлайдиган муассаса ҳисобланади ва қуйидаги вазифаларни бажаради:

- спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланиш учун зарур спорт кўникмаларига эга иқтидорли ва истиқболли болаларни синчковлик билан танлаб олиш, уларда танланган спорт тури бўйича қобилиятни, спорт салоҳиятини, касбий кўникма ва маҳоратни ривожлантириш;

республиканинг терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш бўйича энг янги илмий-методик тавсиялар ҳамда ютуқлар асосида ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш;

спорт захираси ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш учун замонавий инфратузилмани ташкил этиш ҳамда малакали мураббийлар таркибини шакллантириш;

спортчилар ва мураббийларнинг касбий маҳоратини ошириш соҳасида мунтазам асосда тажриба алмашишни ташкил этиш орқали хорижий спорт муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига умумий қабул квоталари доирасида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш учун квоталар кўзда тутилади.

Автомобиль ва мотоцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодель турлари ҳамда олимпия ўйинлари дастурига киритилган спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика мусобақаларида биринчи, халқаро мусобақаларда (Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатида) биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчиларига тегишли олий таълим муассасаларига таълимнинг ушбу соҳадаги йўналишларга умумий қабул квоталари доирасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида шартнома асосида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт ташкилотларининг секция ва тўгараклари мутахассислари ва ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш