Жаҳон | 19:00 / 16.12.2018
16109
2 дақиқада ўқилади

Саломе Зурабишвили Грузия президенти лавозимини бажаришга киришди

Грузияда 28 ноябрда ўтган президент сайловларида ғолиб бўлган, мамлакатнинг 5-президенти Саломе Зурабишвилининг инаугурацияси маросими бўлиб ўтди.

Зурабишвили Телави шаҳридаги подшоҳ Ираклий Иккинчи (1720-1798) қароргоҳи бўлган “Батонис цихе” мажмуасида президент лавозимини бажаришга киришди.

Зурабишвили Грузия конституциясига қўлини қўйиб қасамёд келтирди. У мамлакат бирдамлигини сақлашга ва фуқаролар хавфсизлиги ҳақида қайғуришга ваъда берган. Сўнгра Грузия мадҳияси янграб, артиллерия қуролидан 7 марта отилган.

Маросимга 55 та давлатдан 1800 меҳмон, жумладан Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози, Арманистон президенти Армен Карапетян ташриф буюрган.

Зурабишвили ушбу лавозимни 6 йил эгаллайди.

Бу орада сайловларда ютқазган Григол Вашадзе тарафдорлари Телавидаги театрал майдонда намойишлар ўтказишган. Вашадзенинг ўзи полиция тўсиқларидан ўтиб, ўз тарафдорларига қўшилишга муваффақ бўлган. “Бизда конституция йўқ, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи йўқ, танлов йўқ, йиғилишга ҳуқуқ, сўз эркинлиги йўқ. Амалдаги ҳокимият ўз фуқароларидан қўрқади ва полиция кордонлари ортида одамлардан яширинишга уринади”, деб айтган Вашадзе.

Мавзуга оид