Жаҳон | 20:40 / 17.12.2018
13859
2 дақиқада ўқилади

Канадада рекорд катталикдаги олмос топилди

Фото: Dominion Diamond Mines

Канададаги Дайавик конида оғирлиги 552 қирот (110,4 грамм) келадиган олмос топилди. Бу ҳақда Dominion Diamond Mines компанияси хабарида маълум қилинган. Бу олмос Шимолий Америка ҳудудида топилган энг катта олмос бўлди.  

Маълум қилинишича, қимматбаҳо тош октябрда Қутб доирасидан 217 км жануброқда топилган. Дайавик дунёда олмос қазиб олувчи энг йирик компания – Dominion’нинг иккита конидан бири ҳисобланади.

Топилган олмос Шимолий Америкада 2015 йилда топилган рекорд даражадаги олмосдан анча йирикроқ бўлиб, ўлчами бўйича товуқ тухумидек келади. 

Таъкидланишича, топилган олмос шу кўринишида сотилмайди. Дастлаб уни олимлар ўрганишади. Кейин эса юқори малакали мутахассислар олмосни бўлакларга бўлиб, сайқал беришади. Олмоснинг бозор қийматини ҳозирча баҳолашнинг имкони бўлмаган.

Тарихда топилган энг катта олмос “Куллинан” бўлиб, унинг оғирлиги 3106 қиротни ташкил қилган. Қимматбаҳо тош 1905 йил 25 январда Жанубий Африка Республикасида, Томас Куллинанга тегишли конда топилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид