Ўзбекистон делегацияси Нововоронежда: Россиянинг атом энергетикасига доир илғор тажрибаси ўрганилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 декабрдаги 1049-сонли фармойишига мувофиқ, 12-15 декабрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоатчилик арбоблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Нововоронеж шаҳрига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад - Россия Федерациясининг атом энергетикаси соҳасидаги илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда қуриладиган атом электр станцияси (АЭС) айнан Нововоронеж атом электр станцияси лойиҳаси асосида бўлиши кутилмоқда.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ўзбекистон делегациясига Экоҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари, Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари бўйича қўмита раиси Борий Алихонов бошчилик қилмоқда. Шунингдек делегация таркибидан Қўмитанинг саломатлик, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, мудофаа ва хавфсизлик, илм-фан, таълим, маданият ва спорт, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича аъзолари ўрин олган.
Ташрифнинг илк куни Ўзбекистон делегацияси вакиллари Нововоронеж шаҳрида жойлашган, 10 йилдан бери самарали фаолият кўрсатиб келаётган Атом энергетикаси ахборот марказида бўлишди. Марказ ходимлари ўзбекистонлик депутатлар ва журналистларга инновацион усуллар ёрдамида атом энергетикасининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этиб, делегация вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Шундан сўнг делегация вакиллари Нововоронеж атом электр станциясининг Ички коммуникациялар ҳамда ахборот ва жамоатчилик алоқалари бошқармасида бўлиб, АЭС бўйича зарур қўлланмаларга эга бўлишди. Шу билан бирга, делегация аъзолари АЭС объектида риоя қилиниши керак бўлган қоидалар билан таништирилди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик депутатлар Нововоронеж шаҳар округи раҳбари Николай Нетяга ва маҳаллий Дума вакиллари билан учрашиб, тинчлик мақсадларида атом энергетикасидан фойдаланишга оид қонунчилик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди, РФнинг бу борадаги тажрибаси билан танишишди.
“Жорий йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва РФ давлат раҳбари Владимир Путин томонидан Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш ҳамда атом электр станциясини қуриш масалалари бўйича келишувга эришилди. Шу муносабат билан биз – бир гуруҳ депутатлар ва жамоатчилик арбоблари атом энергетикасига оид тажрибани ўрганиш мақсадида Нововоронеж шаҳрига ташриф буюрдик ва бу ердаги технологиялар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Атом энергетикаси ахборот марказида атом энергетикаси сирлари нимадан иборат эканидан хабар топдик. Атом энергетикаси орқали электр энергиясини олишга оид маълумотлар оддий, содда ва ҳаммага тушунарли тилда тақдим этилди, ҳатто бу соҳага алоқаси бўлмаган ёки у билан шуғулланмайдиган кишилар ҳамда болалар ҳам бу маълумотларни бемалол тушуниши мумкин”, - дейди Ўзбекистон делегацияси раҳбари Борий Алихонов.
Бундан ташқари, Алихонов ўзбекистонлик депутатларнинг Нововоронеж шаҳар думаси вакиллари билан ўтган учрашувига тўхталди:
“Шаҳар думасида атом энергетикасининг қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларини ривожлантиришга доир маълумотлар ҳамда шаҳар думаси фаолияти билан бевосита танишдик, депутатлар билан мулоқот қилдик. Шунга шоҳид бўлдикки, мазкур соҳа бўйича олиб борилиши керак бўлган биздаги ишлар келажак учун замин ясайди. Қонунчилик бўйича айтмоқчи бўлганим, ҳозир биз соҳа мутахассислари ва юристлар билан биргаликда атом энергетикасидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик ва айни дамда у такомиллаштириш жараёнида. Маълум бир нормалар ва меъёрий ҳужжатларни бизнинг қонунчилигимизга имплементация қилиш лозимлигига иқрор бўлдик. Шу билан бирга, бизнинг хусусиятларимиз, иқлимий шароит ва географик жойлашувимиз ҳам инобатга олинади. Атом энергетикасини ривожлантиришга оид олган ушбу тажрибамиз келгусида асқотиши шубҳасиз”.
Маълумот учун: Нововоронеж шаҳри 1957 йилда ташкил топган атомчилар шаҳридир. Нововоронеж атом электр станцияси Дон дарёси қирғоғида жойлашган. Мазкур АЭС дунёдаги илк ВВЭРда ишловчи саноат атом станцияси ҳамда Воронеж вилоятининг энг йирик электр энергия ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. У вилоят аҳолисининг электр энергияга бўлган эҳтиёжининг 90 фоизи ҳамда Нововоронеж шаҳри аҳолисининг иссиқликка бўлган эҳтиёжининг 91 фоизини таъминлайди. Нововоронежда “ВВЭР” реакторли 6 энергоблок эксплуатацияга киритилган.
Лола Рахманбаева
Мавзуга оид
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
20:20 / 16.10.2024
АЭС дирекцияси раҳбари: Ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб кетилади
15:00 / 14.10.2024
Франция радиоактив чиқиндиларни қозон ва вилкаларга айлантиришни режалаштирмоқда
20:57 / 08.10.2024