Ўзбекистон | 01:00 / 18.12.2018
27692
16 дақиқада ўқилади

Беҳзод Йўлдошев: «Атом энергетикасининг муқобили йўқ!»

19 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ва РФ давлат раҳбари Владимир Путин Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳасига старт беришди. Тадбир бўлғуси атом электр станциясини қуриш учун майдон танлашда муҳандислик тадқиқотларининг бошланишини белгилаб берди. АЭС қурилиш лойиҳаси ССЭР-1200 русумдаги реакторлар билан жиҳозланган икки энергоблокнинг қурилишини ўз ичига олади. Шу муносабат билан Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси президенти Беҳзод Йўлдошевга мурожаат қилди ва атом энергетикасига оид жаҳон тенденциялари, фуқароларимизни хавотирга солаётган, Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши қанчалик муҳимлигига доир асосий саволларга жавоб олди.

Суратда: Фанлар Академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ва
ФА Ядровий физика институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов

- Беҳзод Содиқович, сизнинг ядровий технологиялар бўйича профессионал ва илмий фаолиятингизга 50 йилдан ошди. Ўзбекистонда атом энергетикаси шаклланиши билан боғлиқ ярим асрлик тарихнинг энг фаол иштирокчиларидан бири сифатида айтинг-чи, бизнинг мамлакатимиз ва жумладан, ўзбекистонлик мутахассислар АЭС каби юқори технологик лойиҳани амалга оширишга тайёрми?

- Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши тўғрисидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Мамлакатимизда бу соҳада фаолият юритувчи жаҳон миқёсидаги мутахассислар борлигини инобатга олсак, бу жуда тўғри қарор. Шу билан бирга, шахсан давлат раҳбарининг ташаббуси билан Тошкентда ядровий технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрловчи "Москва муҳандислик-физика институти" Миллий Тадқиқот Ядровий Университети (ММФИМТЯУ) филиалини яратишга қарор қилинди. Бу йил эса биз лицей, мактабларни тугаллаган 30 дан ортиқ абитуриентни саралаб олдик ва улар ҳозирда ММФИМТЯУда таълим олишмоқда, ҳар йили шундай танлов ўтказамиз. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида йилига 100 дан зиёд талаба чиқарамиз, яъни мавжуд кадрлар сафига ёш мутахассислар қўшилишади. Умуман олганда, АЭС қурилиши 10 йил атрофида давом этади ва бу кадрлар заҳирасини тайёрлаш учун етарли муддат ҳисобланади.

Нима учун Ўзбекистонга АЭС кераклиги ҳақида гапирадиган бўлсак, бир мисол келтираман. 1990-йилларда, яъни Совет иттифоқи парчаланаётган бир вақтда Ўзбекистоннинг бир фуқароси учун 2700 КВт/с энергия ишлаб чиқарар эдик, бугун эса 1600 КВт/с’дан бироз кўпроқ энергия ишлаб чиқарилади, чунки янги қувватлар деярли киритилмаган, аҳоли эса 30 фоиздан кўпроққа ошган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, агар биз ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилишни истасак, биринчи навбатда тўрт омилга эътибор қаратишимиз керак бўлади: сув, энергия, озиқ-овқат таъминоти ва инсон саломатлиги. Мазкур йўналишларни ривожлантириш учун эса энергия ресурслари керак ва бу борада АЭС қурилиши вақт чақириғига ягона тўғри жавоб бўла олади.

- Халқаро атом энергетикаси агентлиги (ХАЭА) баҳоларига кўра, 2050 йилга бориб атом станциялари қуввати икки бараварга, яъни 748 ГВт’га ошади. Сиз ХАЭА тузилмасида ишлагансиз ва атом жамияти вакиллари билан ҳамкорлик қилиб келасиз. Фикрингизча, жаҳонда атом энергетикаси ривожи фаоллашувининг сабаби нимада?

- Бир неча сабабни келтирмоқчиман:

Биринчидан, атом генерацияси мавжуд барча энергия турлари орасида экологик жиҳатдан энг тозаси ҳисобланади ва у мамлакат саноати ривожи учун зарур бўлган барқарор базавий юкламани таъминлайди. Қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) уни тўлдириши мумкин, лекин бу функцияни мустақил бажара олмайди, зеро ҚТЭМ беқарор ва у об-ҳаво шароитларига боғлиқ.

Иккинчидан, АЭС 60 йилдан 100 йилгача эксплуатация қилиниши мумкин, яъни у ривожланиш режасини амалга ошириш имконини берувчи узоқ муддатли ва истиқболли лойиҳадир. Ривожланган мамлакатларда АЭС харажатлари 10 йилгача муддат ичида қопланади, кейинги 50 йилдан зиёд даврда эса соф даромад келтиради.

Учинчидан, атом энергияси арзон ва у хомашё нархига у қадар боғлиқ эмас, зеро унинг умумий таннархдаги улуши 10 фоиздан ошмайди. Шунингдек, Ўзбекистон атом электр станциялари учун хомашё ҳисобланган катта уран захирасига эга.

Ҳар қандай станция, ҳар қандай инсон фаолияти бир темир қоидага риоя қилиши зарур – хавфсизлик. Дейлик, гипотетик жиҳатдан қурилиш бўлаётган жойдан ўтиб кетаётган кишининг бошига ғишт тушиши мумкинлиги сабабли ҳеч ким қурилишни бекор қилмайди. Шунчаки хавфсизлик техникасини кучайтиришга оид чоралар кўрилади. АЭСда ҳам худди шундай – гап қуриш ё қурмасликда эмас, буни қандай амалга оширишда. АЭС станцияда хизмат қилиш бўйича юқори маданият, кенг қамровли ва чуқур билимларни эгаллашни, шу билан бирга, катта масъулиятни талаб қилади.

Бугун АЭС фойдасига танловни амалга оширувчи мамлакатлар энг яхши технологияларни танлайди ва аксарият давлатлар Россия лойиҳаларини афзал кўради, зеро улар ўзининг комплекс ёндашуви билан ажралиб, нафақат лойиҳалаштириш ва қурилиш, балки кадрларни тайёрлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришда ҳам ёрдам беришни кўзда тутади. Бундан ташқари, бу лойиҳалар референт, яъни уларнинг Россияда фаолият юритаётган ҳамда ўзининг ишончли ва хавфсизлигини исботлаган муқобиллари бор. Ўзбекистонда «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда қуриладиган АЭС атом электр станциялари қурилишидаги энг сўнгги ютуқларга асосланади. Бу 9 балли зилзилага дош бера олувчи объект бўлиб, у барча ташқи таъсирлардан ҳимояни таъминлайди. Ушбу АЭС 20 дан ортиқ хавфсизлик тизимига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири бир-биридан мустақил равишда ишлайди. Бирор киши, ҳатто қасддан бўлса-да, реактор режим тартибини ишдан чиқара олмайди. Замонавий атом электр станцияси шундайки, унда инсон омили бутунлай чиқариб ташланади!

- Интернет ҳамжамиятида Ўзбекистон атом энергетикасидан воз кечиб, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириши кераклигига доир баҳс-мунозаралар кўп кузатилмоқда, бунга қандай жавоб берган бўлардингиз?

- Бугунга келиб бутун дунёда 60 га яқин реактор қурилмоқда. Бунда Осиё мамлакатлари етакчилик қилади. Масалан, Хитойда 2030 йилгача 34 та АЭС қурилиши режалаштирилмоқда. Покистон яқин вақт ичида АЭСда ишлаб чиқарилувчи электр энергияси умумий қувватини 40 ГВт’га етказмоқчи. Таққослаш учун айтаман, республикамизда ўрнатилган қувватнинг барчаси 14 ГВт’дан ошмайди. Бугунги кунда Ҳиндистон, Япония, Бангладеш, Финляндия, Венгрия, Словакия атом электр станцияларини  қурмоқда, Болгария яна бир АЭС қурилиши имконини ўрганмоқда. Биздан-да сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда жойлашган +*Туркия ССЭР-1200 реакторли тўрт блок қурмоқда. Энг қизиғи, нефть-газ ҳамда қуёшли кунларга бой Бирлашган Араб Амирликларидек давлат ҳар бири 1200 МВт келадиган 4 ядровий блокни интенсив равишда қурмоқда. 

Гап шундаки, қазиб олинувчи углеводородлар, қанчалик ҳамёнбоп ва жозибали бўлмасин, тугаш тенденциясига эга ва буни ҳамма тушунади. Бундан ташқари, улардан фойдаланиш атроф-муҳитни ифлослантиради ва иссиқхона газлари чиқарилишига туртки беради, инсоният эса бугун сайёрадаги иқлим ўзгаришларидан жиддий хавотирда ва шу боис глобал исишни тўхтатиш ҳаракатида. Қайта тикланувчи энергия манбалари ҳақида сўзласак, ҳа, қуёш энергетикаси шиддат билан ривожланмоқда, бироқ ҳозирча у катта энергетика даражасига етгани йўқ. Нима учун? Биринчидан, қуёш энергиясининг нархи жуда қиммат. Иккинчидан, хизмат кўрсатиш қимматга тушади ва жуда мураккаб. Учинчидан, хизмат муддати катта эмас. Тўртинчидан, бирор серияли лойиҳа йўқ – деярли барча ишлар тажриба даражасида олиб борилади. Бугунги кунда бирорта ўзини ҳурмат қилувчи компания  қуёш электр станциялари учун 20 йилдан ортиқ кафолат бермайди. Бундан ташқари, 1 ГВт қуёш электр станцияси 60 квадрат километрдан ортиқ майдон дегани. Қуёш панеллари билан таъминланган улкан майдонни тасаввур қилиб кўринг-а, уларни назорат қилиш, таъмирлаш, боз устига бизнинг шароитларда мунтазам равишда чанг ва туздан тозалаш керак... Табиат томонидан белгиланган яна бир рақамни ёдда тутиш керак – электр энергиясига айлантириш керак бўлган ва ҳеч ҳам ўзгартириб бўлмайдиган қуёш доимийлиги, бизнинг шароитларда бу - ер юзининг ҳар квадрат метрига 600-700 ватт. Бугунги кунга келиб, ҳеч бўлмаганда 20 фоизга яқин қуёш нурини электр энергиясига айлантира олувчи бирор серияли қуёш электр станцияси йўқ. Чекка ҳудудлар ҳақида гапирганимизда, ҳа, у ерларда маҳаллий мақсадларда қуёш энергетикасидан фойдаланиш мумкин. Шуни унутмаслик керакки, куннинг қоронғу қисми ва айниқса тунги вақтда бундай станциялар электр энергиясини ишлаб чиқармайди. Ҳозир қуёш энергетикасини арзонлаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга доир интенсив тадқиқотлар олиб борилаётганига қарамай, у қиммат энергия турилигича қолмоқда. Ўйлашимча, яқин келажакда энергиянинг бу тури ҳам кенг талабгор бўлади.

Шамол энергетикаси, ўз ўрнида, махсус шароитларни талаб қилади. Шамол электр станциялари фаолияти учун энг оптимал шамол тезлиги – тахминан сониясига 5-7 метр, бунда шамол тезлиги доимийлиги ва йўналиши жуда муҳим. Шундай экан, шамол электр станциялари ҳам об-ҳаво шароитларига боғлиқ ва етарлича қиммат. Таъкидлаш жоизки, шамол электр станциялари талайгина бўлган Европа сўнгги 2 йилда шамол оқими ва тезлиги ўзгариши билан боғлиқ катта муаммоларга дуч келмоқда, бу фақатгина қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўзига ишониб қолмаслик кераклигига яққол мисолдир. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, ҚТЭМ ҳақига гап кетганда, Ўзбекистон ҳудудида бугунга қадар катта кўламда энергия бериши мумкин бўлган жиддий геотермал манбалар топилмаган (масалан, Исландиядаги каби). Бир энергия тури иккинчисини сиқиб чиқармайди – энергия манбаларини диверсификациялаш зарур, бироқ катта энергетика ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирча атом электр станциясининг муқобили йўқ.

- Яқинда Германияда Европа ва АҚШ экологик ташкилотлари ташаббуси билан АЭСни қўллаб-қувватловчи акция бўлиб ўтди. Нима учун экологлар Европада АЭСнинг ёпилишига қарши чиқиш қилишмоқда?

- Сўнгги вақтларда Бельгия, Польша, Германия ва умуман бутун Европа бўйлаб “яшиллар” намойишлари бўлиб ўтмоқда, улар кўмирдан олинадиган электр энергиясини бутунлай тақиқлаш ҳамда газ ва нефть маҳсулотларини ёқишни қисқартиришни талаб қилишмоқда. Атмосферага чиқувчи зарарли чиқиндиларнинг катта қисми эса айнан иссиқлик электр станциялари (ИЭС)дан келиб чиқади. Европада АЭСдан тўлиқ воз кечиш йўқ. Қатор мамлакатларда эски реакторларни ёпиш ва режали равишда “яшил энергетика”га ўтишга доир дастурлар қабул қилинган. Бироқ реакторларни тўхтатиш керак ёки йўқлигига оид мунозаралар давом этмоқда. Масалан, Германияда ҚТЭМга ўтилди, аммо бунинг натижасида аҳоли электр энергияси учун тўрт баравар кўп пул тўламоқда, зеро электр энергияси Франциядан импорт қилинмоқда ва бу энергия ҳам АЭСда ишлаб чиқилган. Ҳозир эса атом энергетикасини қайта тиклаш учун бутун бошли ҳаракат юзага келди. Экологлар атом станциялари ёпилишига қарши чиқишди, чунки замонавий АЭС, умуман олганда, атроф-муҳитга ҳеч қандай зиён етказмайди. Лекин мен юқорида санаб ўтган қатор ижобий томонлари бор. Шу боис гигаваттлар даражасидаги катта энергетика ҳақида гап кетганда, бутун дунё экологик тозалик, ишончлилик ва узоқ хизмат муддати ҳисобига атом электр станциясининг муқобилини кўраётгани йўқ. 

- Атом энергетикаси глобал исиш хавфига қарши курашда, жумладан, Париж иқлим келишуви контекстида қандай роль ўйнайди?

- АЭС фаолияти атмосферага карбонат диоксиди чиқиши олдини олади ва айнан шунинг учун у “яшил” энергетикага мансуб. 2017 йилнинг апрелида Ўзбекистон иқлим бўйича Париж келишувини имзолади, шу йилнинг 2 октябрида эса Президент “Париж келишувини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мамлакатимизнинг Париж келишувига қўшилиши натижасида биз 2050 йилга бориб ҳаво ҳароратининг 1,5 даражадан ортиқ исиши олдини олишга оид чоралар қабул қилиш мажбуриятини ўз зиммамизга олганмиз. Бу мақсадга эса АЭСсиз эришиб бўлмайди ҳисоб. Масалан, агар амалдаги барча АЭСнинг қуввати кўмир ва газ манбалари ҳисобига таъминланганида эди, атмосферага ҳар йили қўшимча 2 миллиард тонна карбонат диоксиди чиқар эди. Айни дамда бутун дунё бўйлаб қурилаётган янги атом электр станцияларининг ишга тушиши эса атмосферага кўтариладиган зарарли моддалар миқдорини сезиларли даражада қисқартиришга ёрдам беради.

Радиация ҳақида гапирадиган бўлсак, XVI-XVII асрларнинг буюк мутафаккири Фрэнсис Бэкон айтганидек: “Билим – бу куч демак”. Бунга “Билимсизлик эса жаҳолатдир”, дея қўшимча қилган бўлар эдим. Инсониятнинг кўп фожиалари айнан билимсизлик, жаҳолат натижасида келиб чиқади. Масалан, Францияда электр энергиясининг деярли 80 фоизи АЭСда ишлаб чиқарилади, уларнинг аксарияти йирик аҳоли пунктларидан у қадар узоқ эмас. АҚШда 48 реакторнинг эксплуатацияси лицензияси 60 йилдан 80 йилгача узайтирилди. Барча АЭСлардаги радиациялар тўлиқ назорат остида ва реактор бакининг ҳимоя қобиғидан ташқарига чиқмайди, АЭС атрофидаги радиацион фон эса меъёрдан ташқарига чиқмайди.  

Таъкидлаш жоизки, “табиий радиация” деган тушунча мавжуд. Усиз бирор тирик организм яшай олмайди! 3,5 миллиард йил давомида органик ҳаёт эволюцияси ва хусусан, инсон организми эволюцияси 3-6 миллион йил мобайнида табиий радиация шароитларида ўтган. Радиациясиз бирор галактика ёки сайёра йўқ, барчаси радиацияга тўлган. Радиациянинг белгиланган меъёрлардан ташқарига чиқиши эса бошқа гап. Биз бу билан ҳам ишлашни биламиз, назорат қила оламиз. Қўрқувга ҳожат йўқ. Нима учун бошқа мамлакатлар қўрқмайди?

Суҳбатга якун ясаган ҳолда, шуни таъкидламоқчиманки, энергиянинг барча турлари яхши. Бироқ биз ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилишни истар эканмиз, ҳозирча атом энергетикасининг муқобили йўқ!

Маълумот учун: Беҳзод Йўлдошев – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси президенти, физика-математика фанлари доктори, профессор, ядровий физика ва элементар заррачалар физикаси олими. 1968 йилда Тошкент давлат университетининг физика факультетини аъло баҳоларга тугаллаган, Дубна (Россия)даги Бирлашган ядровий тадқиқотлар институти базасида диплом ишини бажариш учун Москва давлат университетига йўлланган, мазкур институт тарихидаги энг ёш тажрибачи-фан номзоди ҳисобланади. 36 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзСССР Давлат мукофоти совриндори. Америка физиклар жамияти аъзоси, Индиана университети (АҚШ) ҳамда Кэмбриж университети (Англия) ҳурматли доктори, Ислом олами мамлакатлари академияси академиги ва Бирлашган ядровий тадқиқотлар институти ҳурматли доктори, халқаро ЕСО мукофоти совриндори. Беҳзод Йўлдошев 5 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШда фаолият юритган, у ердаги турли ядровий марказларда тажрибалар ўтказган. 4 йил давомида Халқаро атом энергетикаси агентлигида илмий маслаҳатчи сифатида ишлаган. ХАЭАдаги фаолияти давомида у ядровий хавфсизлик ва янги турдаги ядровий реакторларни яратишга оид атом лойиҳаларига раҳбарлик қилган.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид