08:57 / 18.12.2018
8604

Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали юклар транзитини соддалаштирди

Фото: Евгений Епанчинцев

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ташишларда хорижий автоташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Республика ҳудуди орқали ўтувчи транспорт воситалари ҳудудга кирган кунидан бошлаб 5 кундан ортиқ бўлмаган (илгари 3 кун) муддатда чиқиб кетиши керак.

Бундан ташқари, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракат қилиши учун мўлжалланган йўналишлар рўйхатига 47та янги йўналиш қўшилди. Уларнинг энг кўпи Тожикистон (18та йўналиш) ва Туркманистон (12та йўналиш) билан чегарадан киришда мавжуд.

Шунингдек, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланаётган хорижий автотранспорт воситаларидан товарларни миллий ташувчиларнинг автотранспорт воситаларига мазкур қарорда белгиланган йўналишларга кирмайдиган жойларда жойлашган (транспорт ҳужжатларида кўрсатилган) божхона омборхоналарида божхона назорати остида қайта юклаш операцияларини амалга оширишга рухсат этилади.

Умумий қоидаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали автотранспорт воситаларида транзит ўтувчи, шу жумладан автомобилда халқаро юк ташишларни амалга оширувчи хорижий фуқаролар фақат халқаро автомобиль қатнови учун очиқ бўлган йўллар ва йўналиш варақасида кўрсатилган йўналиш бўйича юришлари мумкин.

Энди мазкур банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган талаблар Ўзбекистон Республикаси чегаралари орқали сафар йўналиши қайд этилган автотранспорт воситасида (тунаш учун қайта бутланган ер усти автотранспорт воситасида) туристик (нотижорат) мақсадларда транзит ўтаётган чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди.

Махсус юк ва ҳарбий контингентларнинг Ўзбекистон орқали транзити учун рухсатнома бериш жараёни тезлашди. Рухсатнома бериш ёки уни беришдан бош тортиш тўғрисида қарор қабул қилишнинг умумий муддати энди ариза ва барча ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 20 кундан (аввал 30 кундан) ошмаслиги керак. Ушбу жараённинг маълум босқичларида вақт камайди. Бундан ташқари, рухсатноманинг янгиланиши тезроқ бўлади (1 марта рухсат берилади).

Рухсатнома энди 30 кун амал қилади. Аввалги сўзлар («ўттиз кундан ортиқ бўлмаган») ҳужжатни янада қисқа муддатга бериш имкониятини назарда тутган. Мудофаа вазири йўқлигида рухсатнома унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланиши мумкин. 

Top