Ўзбекистон | 01:10 / 22.12.2018
61327
3 дақиқада ўқилади

Фазлиддин Парпиевга нисбатан ҳеч қандай жиноий таъқиб мавжуд эмас — Бош прокуратура

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни фуқаро Фазлиддин Парпиев томонидан Интернетнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида “Соқол қўйсангиз русчани ҳам ўрганиб олинг” номли мақоласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита томонидан хулоса берилган.

Мазкур хулосага кўра, “Мамлакатимизда кўп миллат ва элат истиқомат қилишини инобатга олинса, бу каби бир миллатдан иккинчисини устун қўйиш юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликка рахна солиши ҳамда юртимиздаги ижтимоий вазият ва олиб борилаётган ислоҳотларга шубҳа билан қараш, нохолис кайфиятни уйғотиш, аҳоли орасида тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин”лиги билдирилган.

Шу муносабатдан, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 18 декабрь куни мақола муаллифи билан миллатлараро ва диний муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талаблари борасида суҳбат ўтказилди, деб хабар беради Kun.uzʼга Бош прокуратура матбуот хизмати.

20–25 дақиқалик суҳбат давомида ҳеч қандай ҳуқуқий меъёрлар бузилмаган.

“Ҳозирда Парпиевга нисбатан ҳеч бир жиноий таъқиб мавжуд эмас, шу нуқтаи назардан унинг мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши масаласи назоратимиз доирасида эмас”, — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги “Омина” масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиев 2018 йил 7 сентябрь, жума куни эркакларга соқол, аёлларга ҳижоб тақиқланаётгани юзасидан президентга видео мурожаат қилган эди.

12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “раҳбарият билан маслаҳатлашмай, ўз билганича минбарда чиқиш қилган” имом ношукрликда айбланган эди.

19 декабрь куни Фазлиддин Парпиев “facebook” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида пост қолдириб, Ватандан анча минг километр узоқдалиги, ҳозирча унинг қаерда эканини ҳеч кимга айтмасликларини илтимос қилган.

Мавзуга оид