Жаҳон | 01:35 / 23.12.2018
10224
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған ва Аббос элчихоналарнинг Ал-Қудсга кўчирилаётганини муҳокама қилишди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан телефон суҳбати чоғида Исроилдаги хорижий дипломатик миссияларнинг Ал-Қудс шаҳрига кўчирилаётганини муҳокама қилди, дея Туркия етакчиси маъмуриятидаги манбага таяниб хабар қилмоқда РИА Новости.

“Туркия ва Фаластин етакчилари шанба куни минтақада рўй бераётган воқеаларни телефон орқали муҳокама қилиб олишди. Эрдўған ва Аббос турли мамлакатларнинг ўз элчихоналарини Ал-Қудсга кўчираётгани борасидаги хатти-ҳаракатлари бўйича фикр алмашиб, Фаластин масаласини ҳал қилишда тўсиқ бўладиган ушбу нотўғри қадамнинг олдини олишни муҳокама қилишди”, — деб хабар берган манба.

Туркия етакчиси маъмуриятидан берилган маълумотга кўра, Эрдўған Аббосга Фаластин халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган.

70 йилдан буён давом этиб келаётган Фаластин-Исроил можароси билан боғлиқ вазият ҳамон таранглигича қолмоқда. АҚШнинг Исроилдаги ўз элчихонасини Тел-Авивдан Ал-Қудсга кўчириш борасидаги қарори вазиятни янада мураккаблаштирди ва Ғазо сектори ҳамда Исроил чегарасида зўравонликнинг янада авж олишига туртки бўлди.

Исроил Ал-Қудсни шарқий туманлари ва ярим аср муқаддам Иорданиядан тортиб олинган, кейинчалик аннексия қилинган тарихий маркази билан ўзининг “ягона ва бўлинмас” пойтахти дея атаб келади. Жаҳон ҳамжамиятининг аксарият қисми аннексияни тан олмайди ва Шарқий Ал-Қудсни худди Иордан дарёсининг ғарбий соҳили каби босиб олинган ҳудуд ўлароқ санаб келади.

Аввалроқ Австралия бош вазири Скотт Моррисон Ғарбий Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиши тўғрисида баёнот берган эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳозирча элчихонасини Ал-Қудсга кўчирмайди, лекин уни очиш учун мос жой қидиришни бошлаб юборган. Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиб Австралия АҚШ, Гватемала, Чехия, Бразилия ва Ҳондурас каби мамлакатлар қаторига қўшилди

Мавзуга оид