Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Араб давлатлари лигаси Бош котиби Аҳмад Абу Ғайт билан учрашув ўтказди, унда Фаластин масаласидаги долзарб ўзгаришлар ҳамда Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашув Қоҳирада бўлиб ўтган, Аббос Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан 12-Бутунжаҳон шаҳарлар форумида иштирок этиш учун келган.

Аббос Абу Ғайтга Фаластин масаласи билан боғлиқ сўнгги ўзгаришлар, Фаластин халқи ҳолати ва Ғазодаги можарога барҳам бериш учун давом этаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, Аббос АДЛ бош котиби билан Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда 11 ноябр куни ўтказилиши режалаштирилган фавқулодда араб-ислом саммитидан кутаётган умидлари билан ўртоқлашди.