Жаҳон | 01:01 / 25.12.2018
7001
2 дақиқада ўқилади

Кобулда ҳукумат бинолари мажмуасига қилинган ҳужум оқибатида 43 киши ҳалок бўлди

Фото: REUTERS/Omar Sobhani

24 декабрда Афғонистон пойтахти Кобулдаги ҳукумат бинолари мажмуасига қилинган ҳужум оқибатида 43 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Афғонистон ички ишлар вазирлигида маълум қилинди.

Қурбонларнинг аксариятини тинч аҳоли вакиллари ташкил қилган.

Tolo News телеканалининг маълум қилишича, бир гуруҳ қуролланган кишилар ҳукумат бинолари мажмуасига ҳужум қилиб, имконияти чекланган одамлар ва Афғонистон уруши қурбонлари оилалари ишлари бошқармаси ходимларини гаровга олган. Экстремистлар дастлаб жамоатчилик ишлари вазирлиги ёнида миналаштирилган автомобилни портлатишган, сўнгра ўт очишган. Биринчи портлашдан бироз ўтиб яна иккита портлаш амалга оширилган. Босқинчилар юзага келган саросима ва алғов-далғовликдан фойдаланиб, бино ичига бостириб киришган.  

Афғонистон ички ишлар вазирлиги расмий вакили Нусрат Раҳимийнинг маълум қилишича, ҳукумат кучлари ҳужумдан 3 соат ўтгач, икки босқинчини бартараф этган. Баъзи маълумотларга кўра, ҳужумда ҳаммаси бўлиб 3 киши иштирок этган. Раҳимийнинг таъкидлашича, бинодан 200 ходимни эвакуация қилишга тўғри келган. 

Ҳужум учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч қайси бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Мавзуга оид