Жаҳон | 10:29 / 27.07.2024
3376
4 дақиқада ўқилади

Москвада автомобилни портлатишда айбланган россиялик тергов изоляторига жойлаштирилади

РИА агентлиги томонидан тарқатилган видеода Евгений Серебряков «СБУ» буйруғи билан Москвада россиялик ҳарбий офицернинг ҳаётига суиқасд уюштирганини тан олди. Украина томони бу видеога изоҳ бермади.

Фото: Social Media via REUTERS

Россиялик ҳарбийнинг машинасини портлатганликда гумон қилинаётган Россия фуқароси Евгений Серебряковга айблов эълон қилинди ва сўроқдан кейин у тергов изоляторига жойлаштирилади. Бу ҳақда 26 июл, жума куни Россия Тергов қўмитасининг расмий вакили Светлана Петренкога таяниб, «Интерфакс» хабар берди

«Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Туркиянинг ваколатли органлари томонидан кўрилган чоралар натижасида Серебряков қўлга олинди ва унга айблов қўйиш тўғрисида қарор тақдим этилди», деди Петренко ва сўроқдан кейин «у қамоққа олинади», деб қўшимча қилди. Аввалроқ Серебряков Туркиядан Россияга етказилган эди, дея аниқлик киритмоқда «Интерфакс» Россия «ФСБ» маълумотларига таяниб. 

Бир кун олдин Москванинг Замоскворецкий суди Серебряковни икки ёки ундан ортиқ шахсни бир гуруҳ шахслар таркибида умумий хавфли тарзда ўлдиришга уринишда айблаб, унга нисбатан икки ойга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади.

Россия давлат матбуоти Серебряковнинг иқрори акс этган видеони эълон қилди 

РИА «Новости» давлат агентлиги Серебряков Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») топшириғи билан Москвада россиялик ҳарбий офицернинг ҳаётига суиқасд қилганини тан олган видеони тарқатди. «СБУ» ушбу ҳодисага изоҳ бермади. 

Таҳрирланган видеода эркак ўтган йили Украина махсус хизматларига ёллангани ва «офицер»ни ўлдириши керак бўлганини айтади. Украиналик кураторининг илтимосига кўра, у бомба ясаш учун қисмларни йиғиб, сўнгра танланган қурбон машинаси остига портловчи мослама ўрнатган, бунинг учун унга Украина фуқаролиги ва мукофот сифатида «ўн мингдан йигирма минг долларгача» пул ваъда қилинган.

Москвада автомобилни портлатишда гумон қилинган шахс Туркияда ушланди

Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Серебряковни икки кун аввал Бодрум курорт шаҳрида қўлга олган. Ушланганидан сўнг маълум бўлишича, россиялик у ерга эрталаб Москвадан учиб келган. Эркак аввал Интерпол томонидан қидирувга берилган шахсларнинг халқаро маълумотлар базасига киритилмаган. Интерполнинг Россия бўлими ходимлари Туркия полициясига уни ушлаш талаби билан мурожаат қилиб, Серебряков террорчиликда айбланиб қидирувга берилганини айтишган. 

Россия матбуотига кўра, Евгений Серебряков Волгоград вилоятида туғилган, у 30 ёшда. 

Москва шимолида автомобил портлаши 

24 июл куни эрталаб Москвада Синявинская кўчасида Toyota Land Cruiser йўлтанламас автомобили портлаб кетди, натижада икки киши - автомобиль эгаси ва йўловчи - эр-хотин жароҳатланди. ОАВ маълумотларига кўра, портлаш натижасида жароҳатланган эркакнинг икки оёғига жиддий шикаст етган, аёлнинг юзида жароҳатлар бўлган. 

«Интерфакс» манбасига таяниб хабар беришича, машина Россия Қуролли кучлари полковниги, Бош штаб бўлинмаларидан бирининг бошлиғига тегишли. Россиянинг қатор ОАВ машинада Андрей Торгашов ва унинг рафиқаси Майя бўлганини ёзишган. Шу билан бирга, Astra Telegram-канали Торгашовнинг Москва вилоятидаги 33790-сонли ҳарбий сунъий йўлдош алоқаси бўлинмаси радиомаркази бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаётганини билдирди. Торгашовнинг ўзи РИА «Новости» ва RT билан суҳбатда бу хабарларни рад этди. 

«Интерфакс»нинг «вазиятдан бохабар манба»га таяниб хабар беришича, автомобил эгаси - Россия Қуролли кучлари полковниги. Агентлик суҳбатдоши сўзларига кўра, ҳайдовчи ўриндиғи остига сиғими тахминан 500 грамм тротил бўлган портловчи мослама қўйилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид