Спорт | 16:22 / 27.12.2018
16446
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубоги ва ЖЧ саралаши учун янги либоси тақдим этилди

Бугун, 27 декабрь куни Миллий олимпия қўмитаси биносида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов, Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов, шунингдек, ЎФА мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Йиғилганларга миллий терма жамоа учун Jako компанияси томонидан тайёрланган янги формалар намойиш қилинди.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоамизга либос етказиб берувчи бир қатор компаниялар билан музокара ўтказиб, якунда Германиянинг Jako компанияси билан шартнома имзолаганидан хабарингиз бор. Бу компания биз учун манфаатли бўлган шартлар асосида бизга либосларни тақдим қилмоқда. Миллий терма жамоамиз аъзоларига 116 хил либос ва аксессуарлар бепул тақдим қилинса, қолган терма жамоаларга 50 фоизли чегирма асосида формалар етказиб берилади», – деган Арифовнинг сўзларини келтирмоқда ЎФА матбуот хизмати.

Арифовнинг таъкидича, етказиб берилаётган либослар ичида ҳар қандай об-ҳаво шароитида тўп суришга мўлжалланган либос ва аксессуарлар мавжуд.

«Jako компанияси билан 3 йиллик шартнома имзоланган бўлиб, Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятли қатнашса, шартнома муддати узайтирилади ва шартлари қайта кўриб чиқилади», - деган ЎФА Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги 5 январдан старт олади. Унда Ўзбекистон илк ўйинини 9 январь куни Уммон терма жамоасига қарши Шаржа шаҳрида ўтказади.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси 2011 ва 2015 йилги Осиё кубокларида Испаниянинг JOMA компанияси томонидан етказиб берилган либосларда тўп сурган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Мавзуга оид