Ўзбекистон | 09:45 / 28.12.2018
151382
3 дақиқада ўқилади

Президент 2019 йилни «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2018 йилги Мурожаатномаси бошланди. Мурожаатнома  «Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон 24» телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилмоқда.

Йиғилишда парламент раҳбарияти ва аъзолари, Ўзбекистон ҳукумати, вилоятлар ҳокимлари, аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Йиғилишда нутқ сўзлаётган президент кириб келаётган янги — 2019 йилни Ўзбекистонда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президентининг бу таклифи йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

«Ҳеч қайси давлат инвестицияни ривожлантирмасдан, ҳеч қандай натижага эришмайди. Энг мураккаб йўл, бу инвестиция жозибардорлигини сармоядорларга етказиш бўйича катта ишларни қилишимиз керак.

Муҳитни яратмас эканмиз, олдимизга қўйган юксак марраларга эришолмаймиз. Жуда катта марра оляпмиз. Қарор, қонун, фармон, керак бўлса кадрлар дунёқарашини ўзгартиришимиз керак. Жойлардаги тўсиқларни олиб ташласак, инвестиция муҳити таъминланади», деди президент.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш анъанага айланган. 1997—2017 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:

2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
2016 йил — Соғлом она ва бола йили
2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили
2014 йил — Соғлом бола йили
2013 йил — Обод турмуш йили
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
2010 йил — Баркамол авлод йили
2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
2008 йил — Ёшлар йили
2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили
2004 йил — Меҳр ва мурувват йили
2003 йил — Обод маҳалла йили
2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили
2001 йил — Оналар ва болалар йили
2000 йил — Соғлом авлод йили
1999 йил — Аёллар йили
1998 йил — Оила йили
1997 йил — Инсон манфаатлари йили

Мавзуга оид