10:03 / 02.01.2019
39400

Ўзбекистоннинг БМТ бюджетидаги улуши маълум бўлди

Фото: un.org

31 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси БМТ мунтазам бюджетига 3 йил муддатга давлатлар тўловларининг янги шкаласини тасдиқлади. Ўзбекистоннинг ташкилот бюджетидаги улуши 0,032% фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Азия-Плюс хабар бермоқда.

АҚШ максимал даражада - БМТ барча харажатларининг 22 фоизини тўлашда давом этади. Хитой бир неча ўн йил ичида биринчи марта Японияни ортда қолдирди ва БМТ мунтазам бюджетида ҳисоб бўйича иккинчи энг йирик тўловчига айланди.

Ҳар бир аъзо давлатнинг ҳиссаси БМТ умумий харажатларидан фоизда ҳисобланади. Ҳар уч йилда бир марта давлатлар тўлов қобилияти қайта кўриб чиқилади. Ҳисоблаш миллий ялпи даромад кўрсаткичларини эътиборга олади.

2019-2021 йиллар мобайнида энг кам ривожланган мамлакатлар учун максимал тўлов ставкаси 0,011 фоиздан, бадавлат давлатлар учун эса - БМТ мунтазам бюджетининг 22 фоизидан ошмаслиги керак.

АҚШ БМТ мунтазам бюджетига умумий миқдорнинг 22 фоизини тўлайди, Хитой - 12,005 фоиз, Япония - 8,564 фоиз, Германия - 7 фоиздан камроқ, Франция - 4,427 фоиз, Бразилия 2,9 фоиз, Канада - 2,734 фоиз, Россия - 2,405%, Австралия - 2,210%, Қозоғистон - 0,187%, Литва - 0,071%, Украина - 0,057%, Беларусь - 0,049%, Озарбойжон - 0,049%, Латвия - 0,047%, Эстония - 0,039%, Туркманистон - 0,033%, Ўзбекистон - 0,032%, Грузия - 0,008%, Арманистон - 0,007%, Тожикистон - 0,004%, Қирғизистон - 0,002%.

Агар давлатлар БМТ олдида молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажармаса, бош ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқини йўқотади.

Top