Ўзбекистон | 19:31 / 03.01.2019
13880
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ШҲТ бош котибини қабул қилди

Бугун, 3 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 1 январидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби лавозимини бажаришга киришган Владимир Норовни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

“Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон вакилининг бундай юксак ва масъулиятли лавозим – ШҲТ бош котиби лавозимига тасдиқланиши тарихий аҳамиятга эга воқеа эканлигини таъкидлади. Халқаро ташкилотга илк бор юртимиз фуқароси раҳбарлик қилмоқда”, дейилади хабарда.

Учрашув давомида Ўзбекистон президенти очиқ ва конструктив мулоқот майдонига, кўп томонлама ҳамкорликнинг таъсирчан механизми ҳамда Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берди. 

Хорижий давлатлар ва халқаро тузилмаларнинг мазкур нуфузли ташкилот билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга бўлган қизиқишлари ўсиб бораётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон президенти ташкилот доирасида ишга солинмаган улкан ҳамкорлик салоҳияти мавжудлигига эътибор қаратди.

Хавфсизликни таъминлаш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт коммуникацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги ва минтақалараро ҳамкорлик кабилар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари Владимир Норовга ШҲТ бош котиби лавозимидаги фаолиятида муваффақият тилади.

Мавзуга оид