21:11 / 06.01.2019
15534

«Ёнғинга қарши кураш ҳам жанг майдонига киргандай гап​». Ўт ўчирувчи билан суҳбат​

Ёнғин хавфсизлиги хизматида ишлаш кўпларнинг болалигидаги орзуси. Кўпчилик шарафли касб эгаси бўлиш, муаммоларни бартараф этишни истайди

Маълум бўлишича, мамлакатда йилдан-йилга турар ва нотурар жойларнинг сони кўпайиб боришига қарамай, сўнгги ўн йилда содир бўлган ёнғинлар, уларда ҳалок бўлган ва тан жароҳати олганлар сони камайиб бормоқда. Масалан, 2008 йилда 14725та ёнғин бартараф этилган бўлса, 2017 йилга келиб, бу рақам 12705тани ташкил этди. Вафот этганлар сони 218 нафардан 159 нафарга камайиб, сўнгги беш йилда содир бўлган ёнғинларнинг 80 фоизи бошланғич даврида бартараф этилди. Натижада 399 нафар кишининг ҳаёти сақлаб қолинди.

Kun.uz масъулиятли ва олижаноб касбда фаолият олиб бораётган, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими Жамолиддин Ҳайитматов билан суҳбат қуриб, ўт ўчирувчининг мулоҳазаларига қизиқди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«1998 йил июль ойида, ҳарбий хизматдан қайтганимда, ҳарбийлаштирилган 18-ёнғин хавфсизлик қисмида илк фаолиятимни ёнғин ўчирувчи лавозимида бошладим. Ҳарбий хизматни ўташ давомида ёнғинни бартараф этиш ишида иштирок этиб, шу касбга қизиқиш пайдо бўлганди. Кейинроқ, шу соҳани танлаб, ҳужжатларни топширдим», - деб эслайди суҳбатдош. 

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими Жамолиддин Ҳайитматов

Жамолиддиннинг айтишича, «яхши ёнғин ўчирувчи мунтазам машқларда тобланади, тайёргарлик, синовлардан ўтган одамгина ёнғин ўчирувчи бўла олади». 

«Фаолиятимга 20 йил тўлган бўлса, ёнғин ўчирувчиликдан катта ёнғин ўчирувчи, бўлинма командири этиб тайинландим. Бизда ҳар куни белгиланган машқ вақти бор. Машғулотларда иложи борича йигитларни тоблашга ҳаракат қиламиз. Ёнғинга қарши кураш ҳам жанг майдонига киргандай гап: қанча тез ўчирсангиз, шунчалик сизга фойда кўп. Ёнғинни бартараф этиш бир кишининг иши эмас, индивидуал маҳорат билан ҳеч ким буни ҳал этолмайди. Смена бошлиғидан тортиб, то ёнғин ўчирувчи, ҳайдовчигача, бу масалага мисол бўлади.

Худди футбол ўйнаганда, дарвозабон билан ҳужумчи каби ўйинчилар мавжуд бўлса, бизнинг ишда ҳам ҳайдовчи - дарвозабон ҳисобланади. У бўлмаса, ёнғин жойига етиб бормайсиз, сув бермаса, ёнғин билан курашиб бўлмайди. У шахсий таркибни жойларга етказиб боргандан сўнг, бўлинма командири ё смена бошлиғи ҳужумчи вазифасини бажаради. У биринчи бўлиб оловга юзланади, қолганлар эса ярим ҳимоячи, ҳимоячи каби воситаларни етказиб, унинг ортидан боради», - дейди Ҳайитматов.

Ёнғин ўчириш учун жамоада интизом, иноқлик бўлиши керак. Ўт ўчирувчилар бир-бирига суяна олиши керак, деб ҳисоблайди Жамолиддин Ҳайитматов. 

«Масалан, бир вақт эшик қулф, берк бўлиши мумкин. Ҳозир замонавий мустаҳкам қулфлар чиққанки, уни бузиб, ичкарига киргунча, одам ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Баланд қаватдан пастга тушиб, одамни қутқаришга тўғри келади. Қутқарув арқони, ишғол этувчи нарвонлар ёрдамида ҳаракатланишимиз талаб этилади», - дея қийин вазиятларни эслади у. 

Унинг айтишича, иш куч воситаларини бошқариш диспетчери уларга йўлланма беришидан бошланади. Тревога тугмаси босилади ва таркиб бир дақиқа ичида ёнғин жойига отланиб, қисмдан чиқиб кетиши керак бўлади.

«Қутқаришда эмас, ундан кейин, ўзингизда енгиллик ҳис этасиз. Сиз бир одамни ёнғиндан олиб чиқдингиз, уни «тез ёрдам»га топшириб, енгил бўласиз. У пайт ўт ўчирувчида учаётган одамга ўхшаш кайфият пайдо бўлади. Ёнғинни ўчириб келсангиз, чарчоқ йўқолади. Руҳан енгил бўласиз», - дейди у. 

Таъкидланишича, ҳар йили 1000 нафар сафдор ва хизматчи Самарқанд шаҳридаги Ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёргарликдан ўтказиш ва малакасини ошириш Марказида ўқув машғулотларни тамомлаб келишмоқда. Ходимларни муносиб рағбатлантириш, уларнинг ишга бўлган муносабатини янада яхшилаш мақсадида ёнғинлар профилактикаси билан шуғулланувчи 1176 нафар инспектор лавозими сержантлар таркибидан офицерлар таркибига босқичма-босқич 2017-2025 йиллар мобайнида ўтказилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати - республикада давлат ёнғин назоратини ва ёнғинлар профилактикасини амалга ошириш, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни ўчиришни, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқаришни амалга оширишда асосий масъул ва ваколатли орган ҳисобланади.

Top