Ҳар биримизда бирор марта бўлса-да шундай суҳбатлар бўладики, ҳамма гапни айтишга айтиб қўйиб, ҳаракатларимиз атрофдагиларда қандай таассурот уйғотганини ўйлаб ачинамиз. Бу бизни салбий ҳислар домига тортади. Ундан эса чиқиш осон эмас.

Harvard Business Review ана шундай омадсиз суҳбатлардан кейин муносабатларни тиклаш бўйича бир неча усуллар билан ўртоқлашди.
Айбингизни тан олинг ва вақт беринг. Агар суҳбатдошингиз билан ўртангиздаги баҳс сиз истаган нарса билан тугамаганини тушунган бўлсангиз, суҳбатдошингизни ёлғиз учрашувга таклиф этинг. Ўз ҳаракатларингиз учун масъулиятни зиммангизга олиб, нотўғри иш тутганингизни айтинг. Қаттиқ танқид қилдингизми, мессенжерда хабарларга кўмиб ташладингизми – бунинг аҳамияти йўқ. Келажакда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун содир бўлганларни батафсил муҳокама қилишни истаётганингизни айтинг.
Ёдингизда бўлсин, ҳамкасбингиз айтганларингизни яхшилаб ўйлаб олиши учун вақт сўраши мумкин. У бўлиб ўтганларни айни вақтда ёки кейинроқ муҳокама этишга тайёрлигини тушунишга ҳаракат қилинг. Агар ортга сурмай, дарҳол хатоларингизни тан олсангиз, ҳамкасбингиз камчилик ва кучсизликларингиз устида иш олиб боришга бўлган интилишингизни тушунади.
Кечирим сўранг ва миннатдорчилик билдиринг. Кўпчилик йўл қўйилган хатодан кейин оддийгина кечирим сўрашнинг ўзи етарли деб ҳисоблайди. Бироқ «Кечир» сўзининг ўзи муносабатларни тиклаш учун етарли эмас. Ҳамкасбингизнинг умумий ишга қўшаётган ижобий ҳиссасини тан олсангиз, ўзининг қимматли ходим эканини ҳис этади. Кечирим сўраганингиздан кейин ҳамкасбингизнинг суҳбат вақтидаги эзгу истаклари ва ҳаракатлари, масалан сизни диққат билан тинглагани учун унга миннатдорчилик билдиринг.
Умумий мақсадни айтиб ўтинг ва ишонтиришга ҳаракат қилинг. Муваффақиятсиз суҳбат мавзусида ўралашиб қолманг. Бунинг ўрнига диққатингизни энг муҳим нарса – умумий мақсадларга қаратинг. Масалан, ҳамкасбингиз билан ҳамкорлик қилишга бефарқ эмаслигингизни билдиринг. Чунки барча мижозларингиз учун сиздаги билим ва кўникмалар жуда муҳим. Ҳамкасбингиздан у муносабатлардан қандай хулоса чиқаришни истаётганини сўранг ва биргаликда олға ҳаракат қилишда ёрдам берадиган умумий мақсадни аниқлашга ҳаракат қилинг.
Хатолар устида ҳамкорликда иш олиб боринг.













