Kun.uz сайти жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти мавзусига бағишланган туркум суҳбатлар лойиҳасини давом эттиради. Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон халқ шоири, таржимон ва адабиётшунос олим Жамол Камол бўлди.

Жамол Камол билан суҳбатимиз шеърият ва таржимонликдаги фаолияти, турли мавзуларда ёзилган долзарб мақолалари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик йилларидаги фаолияти, шунингдек, ўзбек тили муаммолари хусусида кечди.

Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисмини ўқувчиларга тақдим этамиз.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-IX) 

-Домла, бугун ижодингизни самимий суҳбат асносида таҳлил қилар эканмиз, яна бир нарсага ойдинлик киритиб кетсак тўғри бўлади назаримда. 1991-1996 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлгансиз. Мана шу йиллардаги фаолиятингизга нисбатан турлича муносабатни эшитамиз. Ўзингиздан сўрамоқчиман, сиз раҳбарлик қилган даврда, самимий айтганда уюшманинг ютуғи ва камчиликлари нималарда бўлди деб ўйлайсиз?

- Ҳақиқатан ҳам суҳбатимиз самимий кечяпти. Тўғрисини айтаман, мен ўша пайтда Ёзувчилар уюшмасига раис бўлишни истамаганман. 

Ислом Каримов ўз қабулига чақириб, ҳамма номзодлар ўрганиб чиқилгани ва улар ичида мени танлашганини айтди. Мен эса Ислом акага раис бўлишни истамаслигимни, номзод керак бўлса ўша пайтда Президент девонида ишловчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовни (суҳбат пайтида ёнимда мен билан эди) қўйиши мумкинлигини айтдим.

Ислом ака бунга рози бўлмади. Хуллас, ўша суҳбатимиз тўрт соат давом этди. 

Суҳбат якунида Ислом ака мени эшиккача кузатиб чиқди, чиқаётганимизда айтдики: «Бир ойдан кейин чақираман, эшикдан «розиман», деб кирасиз».

Бир ойдан кейин Абдуқаҳҳор Иброҳимов уйимга келди. 

- “Ҳа”ми, “йўқ”ми?