Кувайтдаги Сабаҳ шифохонасида анестезиолог-реаниматолог сифатида фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик шифокор Жаҳонгир Жўраев Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон тиббиётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.

– Жаҳонгир ака, президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш кераклигини айтмоқда. Лекин Ўзбекистондаги тиббиётнинг даражасини бирданига Саудия Арабистони, Кувайт ёки АҚШдаги даражага кўтара олмаймиз-ку, тўғрими?! Ўзгаришларни нимадан бошлаш керак, нималарни ўзгартирсак одамларимизда тизим яхшиланиши мумкинлигига ишонч уйғонади?

– Чет элда бўлгач, Ўзбекистон тиббиёти билан боғлиқ камчиликлар аниқроқ кўриниб қоларкан. Мен бу бўйича биринчи ўринда Ўзбекистондаги раҳбарлар соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг қайси йўналишини танлашмоқчи деган саволни берган бўлардим. Агар ҳозир Ўзбекистондаги тиббиёт тизимини таҳлил қилсак, унга ҳозир собиқ иттифоқ ва Россия тизимининг давомчиси сифатида қаралади. Агар шу йўналиш ривожлантирилса, бошқа натижа, агар юқорида айтилганидек, Европа ва АҚШ билан мослаштирилса, бошқа натижа бўлади.

Ҳозир фақат собиқ иттифоқ тиббиётини янгилаш ва ривожлантиришга урғу берилмоқда. Бу йўналишда кетадиган бўлсак, юқорироқ натижага эришиш имкони йўқлиги аниқ. Буни Россия тиббиётини бирор Европа давлати билан солиштириш орқали кўриш мумкин. Лекин ҳаммасини бошидан бошлаш ҳам осон бўлмайди.

Тасаввур қилинг: бир ёшнинг мактабдан бошлаб инглиз тилини яхши ўрганиб университетда бакалавр ва магистратурани тўлиқ инглиз тилида ўзлаштиришига қанча вақт кетади. Бу бутун тиббиётдаги авлодни алмаштириш орқали 10 йилдан кейин бошланади. Мана шу муддатдан кейин тайёр мутахассислар кириб келади.

Бундан ташқари, 10 йилгача нима қилиш керак деган савол ҳам бор. Унгача чет элдан ҳар бир тиббиёт муассасасига малакали мутахассисларни олиб келиш керак.

– Сиз фаолият олиб бораётган Кувайт ҳам тарихан мутараққий давлат бўлмаган. Кувайтликлар ҳам қачондир шу босқичдан ўтган бўлиши керак? Уларнинг бу борадаги тажрибалари билан қизиқиб кўрдингизми?

– Гапингиз тўғри, араб давлатлари ҳам ҳудудида нефт аниқлангач, моддий маблағга эга бўлиб, иқтисодий жиҳатдан ривожланган. Лекин уларда малакали мутахассислар етарли бўлмаган. Шунинг учун тиббиёт тизимига четдаги стандартларни олиб кирган, хорижий мутахассисларни ишга чақирган ва шу йўл билан ҳозир ўз тиббиёт ходимларини тайёрлаб келмоқда.