Ўзбекистон | 10:44 / 08.01.2019
23539
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яйлов майдонларининг неча фоизи инқирозга учрагани маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

2019 йил 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. 

Қуйи палатанинг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда яйлов ва пичанзорларнинг умумий майдони 21,1 миллион гектарни ёки мамлакат ер майдонининг 46,5 фоизини ташкил этади. Аммо кейинги 35-40 йил давомида кўчма чорвачиликда яйловлардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш, молларни яйловларда ортиқча боқиш ҳамда бошқа антропоген таъсирлар натижасида чорва озуқаси ҳажми камайиб, яйлов ерлари инқирозга юз тутмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга келиб мамлакатдаги яйлов майдонларидан 16,4 миллион гектари (78 фоизи) инқирозга учраган, 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорда ўсимликлар сони ҳамда турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга қисқарган.

Яйловлардан фойдаланиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратилмагани, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмагани, яйловлардан оқилона фойдаланиш юзасидан давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмагани, мол боқиш ва пичан ўриш меъёрлари ва режалари белгиланмагани натижасида республикадаги яйловларнинг ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, депутатлар томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилади. Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланади. Инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш, ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишлари ташкил этилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари захираси ҳамда аҳолига гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш кўпаяди. Чорвачиликда яйловлардан фойдаланишнинг меъёрлари белгиланади.

Мавзуга оид